Ўзбек миллий ҳунармандчилиги Малайзия халқаро ярмаркасида намойиш этилди
Октябрь 06, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 78КУАЛА-ЛУМПУР, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон “Ҳунарманд” уюшмаси Малайзия халқаро ҳунармандчилик ярмаркаси (MICF-2026)да миллий стенд билан иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Куала-Лумпурда ўтказилган ушбу кўргазма мамлакатимизнинг Малайзиядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилди.
Халқаро тадбирда 30 га яқин давлатдан 400 нафардан ортиқ ҳунарманд ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. Кўргазма давомида турли мамлакатларнинг миллий ҳунармандчилик маҳсулотлари намойиш қилиниб, уларни тайёрлаш бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Ўзбекистон миллий стендида Бухоро заргарлик мактаби анъаналарини ўзида мужассам этган қўл меҳнати буюмлари кенг намойиш қилинди. Қимматбаҳо металлар ва тошлардан тайёрланган миллий тақинчоқлар, нафис безаклар ва ўзига хос нақшлар ташриф буюрувчилар, жумладан, Малайзия Қироллик оиласи аъзолари, давлат идоралари ҳамда дипломатик корпус вакилларида катта қизиқиш уйғотди.
Малайзия Туризм, санъат ва маданият вазирлиги вакиллари халқаро ярмарка халқлар ва маданиятлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш, мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этишини таъкидлади. Ўзбекистонлик усталарга тадбирни ташкил этишдаги иштироки учун махсус сертификатлар топширилди.
Бухоролик моҳир уста Тоҳир Муҳамедовнинг халқ амалий санъати намуналари эса Бухоро заргарлик мактабининг кўп асрлик анъаналари, миллий услуби ва юксак маҳоратини халқаро майдонда намоён этди.
“MICF-2026”даги иштирок Ўзбекистон миллий ҳунармандчилигини халқаро аудиторияга кенг тарғиб қилиш, усталар ижодини янги бозорларга олиб чиқиш ва маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантириш учун муҳим майдон бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




