Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги тиббиёт соҳасида янги ҳамкорлик лойиҳалари муҳокама қилинди
Октябрь 06, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 109
ИСЛОМОБОД, 6 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистоннинг “Maroof International Hospital” клиникаси раҳбари Носир Аҳмад билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Суҳбат давомида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида соғлиқни сақлаш, тиббий таълим ва тиббий туризм соҳаларида амалий ҳамкорликни янада кенгайтириш истиқболлари муҳокама қилинди.
“Maroof International Hospital” ҳамкорлигида Ўзбекистонда замонавий диагностика маркази ёки ихтисослаштирилган тиббий клиника ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Покистон томони мазкур йўналишларда Ўзбекистонда инвестициявий лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.
Ҳамкорликнинг дастлабки босқичида Ўзбекистондаги тиббиёт техникумлари билан ҳамкорликда 3–6 ойлик қисқа муддатли ўқув дастурларини ишлаб чиқиш таклиф этилди. Мазкур дастурлар доирасида ҳамширалар, лаборатория мутахассислари, шошилинч тиббий ёрдам ходимларини замонавий усуллар асосида тайёрлаш ва уларнинг малакасини оширишга алоҳида эътибор қаратиш режалаштирилди.
Томонлар малакали мутахассислар иштирокида онлайн дарслар, мастер-класслар ва амалий тренинглар ўтказиш, талабалар учун қисқа муддатли амалиёт дастурларини ташкил этиш ҳамда тажриба алмашинувини йўлга қўйиш бўйича фикр алмашди.
Учрашувда тиббий технологиялар ва фармацевтика йўналишидаги ҳамкорлик масалалари ҳам муҳокама қилинди. Хусусан, Покистон вакили Бухоро вилоятида Жанубий Корея технологиялари асосида ишлаб чиқарилаётган коронар стентларни Покистон бозорига экспорт қилишга қизиқиш билдирди.
Музокаралар чоғида тиббий туризм соҳасида Ўзбекистон ва Покистон ўртасида беморлар алмашинувини йўлга қўйиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.
Покистон фуқаролари учун Ўзбекистонда замонавий тиббий диагностика, даволаниш ва соғломлаштириш хизматларини туризм дастурлари билан уйғунлаштириш, “Maroof International Hospital” клиникаларида ўзбекистонлик беморларга тиббий хизмат кўрсатиш имкониятларини кенгайтириш таклифлари қўллаб-қувватланди.
2009 йилда ташкил этилган “Maroof International Hospital” клиникаси ҳозирги кунда 220 ўринга эга кўп тармоқли хусусий тиббиёт муассасаси сифатида фаолият юритмоқда. Шифохонада кардиохирургия, болалар кардиохирургияси, нейрохирургия, минимал инвазив жарроҳлик, гинекология, педиатрия, реанимация ва шошилинч тиббий ёрдам каби йўналишлар мавжуд.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси