Ўзбекистонлик мутахассислар Италиянинг экологик баҳолаш соҳасидаги тажрибасини ўрганди
Ноябрь 16, 2026. 10:00 • 2 дақ
• 65РИМ, 16 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Италиядаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон давлат экологик экспертиза маркази делегациясининг Италияга ўқув-амалий ташрифи ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур ташриф Италия Атроф-муҳит ва энергетика хавфсизлиги вазирлиги (MASE), Таъсирни баҳолаш халқаро ассоциациясининг Италия бўлими (IAIA Italia) ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) ҳамкорлигида амалга оширилди.
Рим шаҳрида “Экологик баҳолашда сунъий интеллектдан фойдаланиш: Италия тажрибаси” мавзусида ташкил этилган ўқув курси давомида ўзбекистонлик мутахассислар атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш жараёнларида сунъий интеллект технологияларини қўллашнинг замонавий ёндашувлари, амалий механизмлари ҳамда Италияда тўпланган илғор тажриба билан яқиндан танишди.
Хусусан, экологик баҳолаш жараёнларида сунъий интеллектдан самарали ва масъулиятли фойдаланиш бўйича ишлаб чиқилган “Ўн тамойил” асосидаги ёндашувлар алоҳида ўрганилди. Марке вилоятида инвестиция лойиҳаларини дастлабки тавсифлаш ва баҳолашда, Ломбардия вилоятида эса чиқиндиларни бошқариш объектларини экологик скринингдан ўтказишда сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиш амалиёти билан танишилди.
Вакилларимиз ўқув машғулотлари билан бир қаторда Италиянинг тегишли ташкилотлари ва мутахассислари билан истиқболли ҳамкорлик йўналишлари юзасидан музокаралар ҳам ўтказди.
Музокаралар давомида томонлар мавжуд ахборот тизимларини ўзаро интеграция қилиш, Италиянинг илғор тажрибаси ва технологик ечимларини Ўзбекистонда ишлаб чиқилаётган “Eco-Expert.AI” ахборот тизимига жорий этиш имкониятларини кўриб чиқди. Мутахассислар ўртасида мунтазам тажриба алмашиш ва ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш бўйича ҳам муҳим келишувларга эришилди.
Ушбу ўқув-амалий ташриф Ўзбекистонда экологик экспертиза ва баҳолаш жараёнларини рақамлаштириш, сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш, қарорлар қабул қилиш самарадорлиги ва сифатини ошириш борасида муҳим аҳамият касб этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси

