Logo

Ўзбекистонлик мутахассислар Европа радиология конгрессида илмий ишланмаларини тақдим этди

Март 10, 2026. 09:00 • 2 дақ

185
Ўзбекистонлик мутахассислар Европа радиология конгрессида илмий ишланмаларини тақдим этди

ВЕНА, 10 март. /“Дунё” АА/. 2026 йил 3–8 март кунлари Ўзбекистонлик мутахассислардан иборат илмий делегация тиббий тасвирлаш соҳасидаги энг йирик халқаро тадбирлардан бири — Европa радиология конгресси (ECR)да иштирок этди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Конгресс анъанавий равишда тиббий тасвирлаш технологиялари, рақамли инновациялар ҳамда халқаро илмий ҳамкорликни ривожлантириш соҳасидаги энг сўнгги ютуқларни муҳокама қилиш учун дунёнинг турли мамлакатларидан етакчи мутахассислар, тадқиқотчилар ва клиницистларни бирлаштиради.

Форумнинг илмий дастури доирасида ўзбек мутахассислари замонавий радиологиянинг муҳим йўналишларига бағишланган бир қатор тадқиқотларни тақдим этдилар. Хусусан, бош мия ўсмаларида мультимодал диагностика, магнит-резонанс спектроскопиясини қўллаш, сунъий интеллект технологиялари ёрдамида бош мия тузилмаларининг миқдорий таҳлили, шунингдек, компьютер томографияси маълумотларини таҳлил қилишда сунъий интеллект алгоритмларидан фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.

Шунингдек, академик В.Воҳидов номидаги Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий тиббиёт маркази профессори Нигора Жўраева «Advancing Practice in Radiography: Challenges, Education and Innovation» мавзусидаги илмий сессияга модераторлик қилди. Мазкур сессия давомида рентгенография амалиётининг замонавий ёндашувлари, мутахассислар тайёрлаш масалалари ҳамда тиббий тасвирлаш соҳасига инновацион технологияларни жорий этиш йўналишлари муҳокама қилинди.

Ўзбекистонлик олимлар томонидан тақдим этилган илмий ишлар халқаро профессионал ҳамжамият, жумладан, тиббий тасвирлаш соҳасидаги етакчи хорижий марказлар вакилларида катта қизиқиш уйғотди.

Читайте также


 

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш