Logo

Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши янги ўқув йили учун стипендиялар дастурини эълон қилди

Март 08, 2026. 10:00 • 2 дақ

139
Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши янги ўқув йили учун стипендиялар дастурини эълон қилди

ДЕҲЛИ, 8 март. /“Дунё” АА/. Ҳиндистон маданий алоқалар кенгаши (Indian Council for Cultural Relations - ICCR) хорижлик, жумладан, ўзбекистонлик ёшлар учун 2026/27 академик ўқув йили учун мўлжалланган навбатдаги стипендиялар дастурини эълон қилди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Сўнгги йилларда таълим ва юқори малакали кадрлар тайёрлаш масаласи Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликнинг изчил ва жадал ривожланиб бораётган устувор йўналишларидан бирига айланди. Жумладан, ўзбекистонлик йигит-қизлар ICCR дастурлари доирасида турли соҳаларда замонавий билимларга эга бўлмоқда.

Мамлакатларимиз ўртасидаги тарихий дўстлик ришталарини мустаҳкамлаш ва маданий-гуманитар алоқаларни янада кенгайтиришга хизмат қилаётган ушбу дастур доирасида жорий йил 15 апрелгача A2A махсус портали орқали ариза топшириш мумкин.

Апрель ойи якунига қадар Ҳиндистон олий таълим муассасалари келиб тушган ҳужжатларни текшириш ва дастлабки қабул тасдиқномаларини юклаш жараёнини амалга оширади. Муҳим жиҳати шундаки, университет томонидан номзод танлаб олингандан сўнг стипендия ажратиш бўйича якуний саралаш жараёни Ҳиндистоннинг хориждаги дипломатик миссиялари томонидан май ва июнь ойлари давомида ўтказилади.

Читайте также

Ўқишга қабул қилинган талабаларнинг Ҳиндистонга етиб бориши олий таълим муассасаси томонидан тақдим этилган таклифномадаги муддатларга мувофиқ июнь-август ойларига тўғри келиши кутилмоқда.

Бугунги кунда мамлакатимизнинг турли ҳудудларида Ҳиндистоннинг Амити, Шарда, Ачарья ва Самбрам университетлари филиаллари муваффақиятли фаолият юритаётгани, таълим соҳасидаги ўзаро ишонч нақадар юқори эканидан далолат беради.

ICCR стипендиялари эса ўзбекистонлик иқтидорли ёшлар учун Ҳиндистоннинг бевосита ўзида, замонавий билим ва бой маданий тажриба орттириш учун қулай имкониятдир. Бу каби дастурлар нафақат юқори малакали мутахассислар тайёрлашга, балки икки халқ ўртасидаги “халқ дипломатияси” ва дўстлик ришталарини янада жипслаштиришга хизмат қилади.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш