Logo

Покистон банки Ўзбекистонда ўз филиалини очиш истиқболларини ўрганмоқда

Март 07, 2026. 15:10 • 2 дақ

79
Покистон банки Ўзбекистонда ўз филиалини очиш истиқболларини ўрганмоқда

ИСЛОМОБОД, 7 март. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Исломобод шаҳридаги элчихонаси кўмагида Ўзбекистон Марказий банки ва Покистоннинг «Синд банки» вакиллари ўртасида онлайн учрашув ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар давомида Ўзбекистон ва Покистон банк тизимлари ўртасидаги ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди. Хусусан, «Синд банк»нинг Ўзбекистонда филиалини очиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

«Sindh Bank» ижрочи директори ўринбосари Асад Али Шаҳ Ўзбекистон ва Покистон ўртасида тобора ривожланиб бораётган савдо-иқтисодий ҳамкорликни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида Ўзбекистон тижорат банклари билан корреспондент банк муносабатларини ўрнатишга қизиқиш билдирди.

Ўзбекистон томони «Синд банки» ва мамлакатимизнинг етакчи банклари ўртасида шериклик алоқаларини ўрнатишга кўмаклашишга тайёрлигини маълум қилди.

Читайте также

Покистон вакиллари ҳамкорликни дастлаб RMA (Relationship Management Application) – банклар ўртасидаги муносабатларни бошқариш тизими орқали йўлга қўйишни режалаштираётганини таъкидлади. Шунингдек, кейинчалик банк операцияларини босқичма-босқич кенгайтириш имконияти мавжудлиги қайд этилди.

Ўзаро савдо операцияларини миллий валюталарда амалга ошириш масаласига эътибор қаратилди. Маълум қилинишича, сўнгги йилларда Ўзбекистон компаниялари томонидан ўзбек сўми ва Покистон рупиясидан фойдаланишга бўлган қизиқиш ортиб бормоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистон банклари Европа, Хитой, Жанубий Осиё ва Марказий Осиё давлатлари банклари билан мустаҳкам алоқаларга эга эканлиги, бу эса Покистон компаниялари учун нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси билан савдо операцияларини кенгайтиришда қўшимча имкониятлар яратиши мумкинлиги қайд этилди.

Музокаралар якунида томонлар ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида зарур маълумотлар билан алмашиш, шунингдек, Ўзбекистоннинг тегишли банклари билан ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш имкониятларини муҳокама қилиш мақсадида навбатдаги онлайн учрашувни ўтказиш тўғрисида келишиб олдилар.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш