ЎзТМК ва Лондон металлар биржаси ҳамкорлик йўналишларини белгилаб олди
Октябрь 19, 2026. 16:30 • 2 дақ
• 87
ЛОНДОН, 19 октябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида “Ўзбек технологик металлар комбинати” (ЎзТМК) ва Лондон металлар биржаси (LME) ўртасида онлайн-музокара ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Учрашувда ЎзТМК вакиллари комбинат фаолияти, амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболли режалар ҳақида тақдимот қилди.
Шунингдек, улар Ўзбекистоннинг муҳим минераллар соҳасидаги хомашё салоҳияти, ишлаб чиқариш имкониятлари ва соҳани ривожлантиришнинг устувор йўналишлари хусусида батафсил сўзлаб бердилар.
Томонлар критик ва нодир металлар бозорларидаги бугунги ҳолат, бозор конъюнктураси ҳамда маҳсулот нархини шакллантириш механизмлари юзасидан фикр алмашди.
Лондон металлар биржаси вакиллари металл маҳсулотларига нарх белгилаш тамойиллари, бозор маълумотларидан фойдаланиш ва нархларни таҳлил қилиш воситалари ҳақида батафсил маълумот берди. Бунда “LME Insight” ахборот-таҳлилий платформасига алоҳида эътибор қаратилди.
Музокара якунида томонлар келгуси ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини белгилаб олдилар.
Мазкур мулоқот Ўзбекистоннинг муҳим минераллар ва технологик металлар соҳасидаги салоҳиятини халқаро бозорларга чиқариш, шунингдек, соҳанинг илғор халқаро тажрибаси ва бозор механизмларини чуқурроқ ўрганиш йўлидаги муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси