2026 йилда Ўзбекистонда “Умра плюс” дастури доирасида туроператорларга ҳар бир сайёҳ учун 100 доллардан субсидия тўланади
Январ 13, 2026. 11:07 • 2 дақ
• 100
ТОШКЕНТ, 13 январь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистонда “Умра плюс” зиёрат туризми дастури доирасида Малайзия ва Индонезиядан сайёҳларни фаол жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар жорий этилмоқда, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“uzbektourism.uz” портали маълумотларига кўра, Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори давлат раҳбарининг 2021 йил 9 февралдаги ички ва зиёрат туризмини янада ривожлантиришга қаратилган фармони ижросини таъминлаш мақсадида қабул қилинди.
Ҳужжатга мувофиқ, 2026–2027 йилларда Малайзия ва Индонезиядан келувчи сайёҳлар оқимини 100 минг кишига етказишни назарда тутувчи «йўл харитаси» тасдиқланди. 2026 йил якунига қадар ушбу мамлакатлардан “Умра плюс” дастури доирасида сайёҳларни жалб қилган туроператорларга ҳар бир сайёҳ учун 100 АҚШ доллари миқдорида субсидия ажратилади.
Режалаштирилган чора-тадбирлар қаторида малайзиялик ва индонезиялик сайёҳлар томонидан Рамазон ҳайити ва Қурбон ҳайитини Ўзбекистон ҳудудида нишонлашни ташкил этиш, шунингдек, ушбу мамлакатларда “Имом Бухорий изларидан” ва “Рамазонни Ўзбекистонда ўтказинг” брендлари остида кенг кўламли реклама кампанияларини ўтказиш кўзда тутилган. Малайзиянинг мусулмон аҳолиси кўп бўлган ҳудудларида зиёрат туризмига бағишланган махсус роуд-шоулар бўлиб ўтади.
Дастур доирасида Тошкент шаҳри, Самарқанд ва Бухоро вилоятларини қамраб олувчи туристик маршрутлар ишлаб чиқилади. Мавсумдан ташқари вақтларда — қишда (20 ноябрдан 20 февралгача) ва ёзда (июль ойида) дастур иштирокчилари учун маданий мерос объектларига ташриф буюриш, меҳмонхона, умумий овқатланиш ва бошқа хизматлар учун ихтиёрий чегирмалар жорий этилиши кўзда тутилган.
Транспорт, Ташқи ишлар вазирликлари ва Туризм қўмитаси билан ҳамкорликда қисқа муддатларда маҳаллий ва хорижий авиакомпанияларнинг 10 та ҳаво кемасини жалб қилиш режалаштирилган. Шунингдек, рақобатбардош авиамаршрутлар, жумладан:
Куала-Лумпур – Самарқанд – Куала-Лумпур;
Куала-Лумпур – Бухоро – Жидда – Куала-Лумпур;
Жакарта – Самарканд – Жидда – Жакарта;
Жакарта – Бухоро – Жидда – Жакарта йўналишларини ишлаб чиқиш таъминланади.
Экспертларнинг фикрича, “Умра плюс” дастурини ривожлантиришга бўлган бундай комплекс ёндашув Ўзбекистоннинг Жануби-Шарқий Осиё билан туристик алоқаларини мустаҳкамлаш учун янги имкониятлар очади ва мамлакатнинг мусулмон дунёсидаги асосий зиёрат туризми марказларидан бирига айланишига хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси