Logo

“MENAFN”: Ўзбекистонда туризм соҳаси халқаро стандартларга мувофиқ барқарор ривожланмоқда

Январ 12, 2026. 12:24 • 2 дақ

207
“MENAFN”: Ўзбекистонда туризм соҳаси халқаро стандартларга мувофиқ барқарор ривожланмоқда

АММОН, 13 январь. /“Дунё” АА/. Иорданиянинг “MENAFN” порталида Ўзбекистоннинг туризм соҳани ривожлантиришдаги тажрибаси ва стратегияси ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.

Мақолада билдирилишича, сўнгги йилларда туризм жаҳон иқтисодиётининг энг жадал ривожланаётган тармоқларидан бирига айланмоқда. БМТнинг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UN Tourism), Бутунжаҳон иқтисодий форуми (WEF), Иқтисодий ҳамкорлик ва тараққиёт ташкилоти (OECD) каби ихтисослашган халқаро ташкилотлар мамлакатларнинг ушбу соҳадаги кўрсаткичларини баҳолаш учун комплекс мезонлар тўпламига таянади. Ушбу халқаро мезонлар призмаси орқали Ўзбекистон замонавий ва кенг қамровли туризм соҳасини ривожлантириш йўлидан дадил бораётганини кўриш мумкин.

“Туризмни миллий сиёсатнинг устувор йўналишлари қаторига киритиш халқаро баҳолашда асосий кўрсаткичлардан бири ҳисобланади. Ўзбекистон ихтисослашган институтларни ташкил этиш, миллий ва минтақавий дастурларни қабул қилиш, туризмнинг кластер моделларини (Tourism Clusters) ривожлантириш орқали туризмни давлат стратегияси даражасига кўтарди. Бу Жаҳон иқтисодий форуми туризм рақобатбардошлигини баҳолашда фойдаланадиган бошқарув ва стратегик режалаштириш кўрсаткичларининг сезиларли даражада яхшиланганлигини акс эттиради”, деб ёзилган материалда.

Визасиз режимнинг кенгайтирилиши, электрон виза тизимининг жорий этилиши ва кириш тартибларининг соддалаштирилиши Ўзбекистоннинг халқаро сайёҳлар учун очиқ ва қулай йўналиш сифатидаги имижини мустаҳкамлашга хизмат қилди.

Қулайлик ва халқаро боғлиқлик туристик йўналишларни баҳолашнинг асосий мезонларига киради. Ўзбекистон халқаро рейслар сонини кўпайтириш, минтақавий аэропортларни модернизация қилиш ва авиаташувлар бозорида рақобатни рағбатлантириш орқали авиация соҳасида сезиларли ютуқларга эришди. Замонавий темир йўл тармоғи, тезюрар поездлар ҳам мамлакат ичидаги асосий сайёҳлик марказларини боғлашга ёрдам берди.

Бу халқаро стандартларга мувофиқ сайёҳлик жозибадорлигини оширишнинг асосий омилларидан бири бўлган саёҳат вақти ва харажатларини камайтиришга олиб келди.

Глобал тенденциялар шуни кўрсатадики, замонавий сайёҳ анъанавий туризмдан ташқари кенг қамровли тажрибани изламоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон маданий ва диний туризм, Ипак йўли туризми, экологик туризм, саргузашт туризми ва агротуризмни уйғунлаштирган ҳолда ўз сайёҳлик маҳсулотини диверсификация қилиш устида иш олиб бормоқда.

Туризм соҳасини баҳолашнинг халқаро стандартларига кўра, Ўзбекистон вақтинчалик ўсишни эмас, балки стратегик режалаштириш, инфратузилмани модернизация қилиш, туристик маҳсулотни диверсификация қилиш ва барқарор ривожланиш тамойилларини қабул қилишга асосланган тизимли трансформация жараёнини бошдан кечирмоқда. Ушбу сиёсатни сақлаб қолган ҳолда, Ўзбекистон Марказий Осиёдаги етакчи сайёҳлик йўналиши ва халқаро туризм бозорининг истиқболли иштирокчиси сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш учун кучли шарт-шароитларга эга.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

xojabek@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш