“The World News”: Уч йил ичида Ўзбекистон иқтисодиёти МДҲ орасида энг юқори ўсишни намойиш этиши кутилмоқда
Январ 13, 2026. 10:50 • 3 дақ
• 50ИСЛОМОБОД, 13 январь. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “The World News” электрон нашри Ўзбекистон ҳаётининг турли жабҳаларида кечаётган воқеаларга бағишланган туркум мақолаларни эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Жумладан, ушбу нашр Малайзиянинг Нилай шаҳрида велотрек бўйича ўтказилаётган “ASEAN Track Series” мусобақасининг илк кунида Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари 1 тадан олтин ва бронза медалини қўлга киритгани ҳақида ёзди.
“Турнирнинг аёллар ўртасидаги “elimination” дастурида иштирок этган Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Нафосат Қозиева пойгани учинчи ўринда якунлаган бўлса, эркаклар ўртасида “омниум” бўйича беллашувларда Сергей Ростовцев барча рақибларини ортда қолдириб, биринчи ўринни эгаллади”, – дейилган манбада.
Хабар қилинишича, ушбу мусобақа жорий йилнинг март ойида Австралиянинг Перт шаҳрида бўлиб ўтадиган трек бўйича жаҳон кубогига саралаш босқичи ҳисобланади. Шунингдек, жаҳон кубоги босқичларида жамғарилган рейтинг очколари трек йўналиши бўйича октябрь ойида Хитойнинг Шанхай шаҳрида ўтадиган жаҳон чемпионатида иштирок этиш учун йўлланма тақдим этади.
“The World News” электрон нашри, шунингдек, Ўзбекистон иқтисодиёти кейинги 3 йилда энг тез ўсувчи иқтисодиётлардан бири бўлиши кутилаётганини хабар қилди.
Мақолада келгуси уч йил ичида Ўзбекистон иқтисодиёти МДҲ мамлакатлари орасида энг юқори ўсиш суръатларини намойиш этиши кутилаётгани, бу минтақавий ўртача кўрсаткичлардан юқори бўлиши ҳамда ташқи таъсирларга нисбатан барқарорлигини сақлаши таъкидланган.
“Бу ҳақда БМТнинг “Дунё иқтисодий аҳволи ва истиқболлар – 2026” (WESP 2026) ҳисоботида қайд этилган, – деб ёзилган манбада. – БМТ таҳлилларига кўра, 2025 йилда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти 7,3 фоизга ўсган бўлиб, бу минтақадаги энг юқори натижалардан бири ҳисобланади. Барқарор ўсиш қатор омиллар — ички талабнинг кучли бўлиши, аҳоли реал даромадларининг ортиши ҳамда инфратузилмага сармояларнинг жадал киритилиши билан таъминланган.
Шунингдек, мақолада Ўзбекистонда нархлар барқарорлиги борасида ҳам ижобий тенденциялар кузатилаётгани билдирилган.
Покистоннинг мазкур электрон нашри Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги икки томонлама муносабатларга бағишланган мақолани эълон қилди.
Унда Ўзбекистон ва Туркманистон ўртасидаги ҳамкорлик ришталари умумий тарихий илдизлар, географик яқинлик ҳамда стратегик манфаатларнинг уйғунлиги асосида барқарор ва узоқ муддатли шериклик учун мустаҳкам пойдевор ярата олиши муҳим намуна экани қайд этилган.
“1990 йилларнинг бошларида мустақилликка эришган икки Марказий Осиё давлати икки томонлама муносабатларни шакллантиришда мураккаб, аммо изчил йўлни босиб ўтди. 2017 йилдан сўнг икки томонлама муносабатларда сифат жиҳатидан янги босқич бошланди. Стратегик шериклик тўғрисидаги келишувнинг имзоланиши ўзаро ҳамкорликка барқарор ва узоқ муддатли тус бериб, бурилиш нуқтаси бўлди. Шундан буён Ўзбекистон ва Туркманистон декларатив босқичдан қўшма лойиҳаларни амалий жиҳатдан рўёбга чиқариш босқичига ўтди”, – дейилади материалда.
Қайд этилишича, иқтисодий ҳамкорлик Ўзбекистон–Туркманистон шериклигининг асосий йўналишига айланган.
“Сўнгги йилларда икки томонлама савдо ҳажми барқарор ўсиб бормоқда. Ўзбекистон Туркманистонга саноат товарлари, кимё маҳсулотлари, ўғитлар ҳамда қайта ишланган саноат маҳсулотларини экспорт қилади. Савдо айланмасининг бундай тузилмаси иқтисодиётларнинг ўзаро бир-бирини тўлдиришини ва иқтисодий ўзаро боғлиқлик шаклланаётганини кўрсатади”, – қайд этилган “The World News” мақоласида.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси


