Абу-Дабида Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги сармоявий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди
Сентябрь 09, 2026. 09:30 • 2 дақ
• 7
АБУ-ДАБИ, 9 сентябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси дипломатлари Бирлашган Араб Амирликлари инвестициялар вазири Муҳаммад Ҳассан Ал-Сувайдий билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва БАА ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, инвестициявий ҳамкорлик кўламини кенгайтириш ҳамда истиқболли қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Томонлар сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий алоқалар изчил ривожланаётганини мамнуният билан қайд этдилар. БААнинг етакчи компаниялари ва инвестиция институтларини Ўзбекистон иқтисодиётининг устувор тармоқларига кенгроқ жалб этиш учун кенг имкониятлар мавжудлиги таъкидланди.
Инвестициялар вазири Муҳаммад Ҳассан Ал-Сувайдий Ўзбекистонда йирик ва узоқ муддатли инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги стратегик шерикликни янги босқичга олиб чиқишдан манфаатдор эканини билдирди.
Учрашувда қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат саноати, замонавий шаҳарсозлик ҳамда инфратузилма, энергетика, кон-чиқариш саноати, юқори технологияли ишлаб чиқариш ва бошқа истиқболли йўналишларда ҳамкорликни кенгайтириш имкониятлари кўриб чиқилди.
Мулоқот якунида олий даражадаги ўзаро ташрифларни давом эттириш ва ишбилармон доиралар ўртасидаги алоқаларни янада кенгайтиришга қаратилган қўшма тадбирларни ташкил этиш юзасидан келишувларга эришилди. Томонлар мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш ва инвестициявий ҳамкорликни янги амалий мазмун билан бойитишга тайёр эканликларини тасдиқладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси