Остонада Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигига бағишланган тантанали қабул маросими ўтказилди
Сентябрь 15, 2026. 19:02 • 3 дақ
•ОСТОНА, 15 сентябрь. / “Дунё” АА/. Остона шаҳридаги “St. Regis Astana” меҳмонхонасида Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан расмий қабул маросими бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда 350 га яқин меҳмон, жумладан, Қозоғистон Ҳукумати, вазирлик ва идоралари вакиллари, дипломатик корпус ва халқаро ташкилотлар раҳбарлари, экспертлар ва журналистлар, Қозоғистон олий ўқув юртларида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабалар ҳамда ушбу мамлакатда истиқомат қилаётган ватандошлар иштирок этди.
Қабул маросими зали киришида меҳмонлар учун ўзбек ҳунармандлари томонидан яратилган заргарлик буюмлари, гиламлар, миллий либослар, адрас ва ёғоч ўймакорлиги маҳсулотлари кўргазмаси ташкил этилди. Мусиқий жўрлик “Астана Опера” Давлат опера ва балет театрининг камер оркестри томонидан миллий ва мумтоз асарлар ижроси орқали таъминланди. Тадбирнинг расмий қисми икки мамлакат давлат мадҳияларининг ижроси билан бошланди.
Маросимда Ўзбекистон элчиси Бахтиёр Ибрагимов ҳамда Қозоғистон Бош вазирининг ўринбосари – миллий иқтисодиёт вазири Серик Жумангарин қутлов сўзи билан чиқиш қилди.
Серик Жумангарин ўз нутқида Ўзбекистон халқини мустақилликнинг 35 йиллиги билан самимий табриклади. У Қозоғистон ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатлар икки мамлакат раҳбарларининг ишончли сиёсий мулоқоти туфайли стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳида жадал ривожланаётганини таъкидлади. Сиёсий келишмовчиликлар мавжуд эмаслиги ва икки томонлама алоқаларни янада кенгайтириш учун мустаҳкам пойдевор яратилгани алоҳида қайд этилди.
Таъкидланганидек, 2025 йилда ўзаро савдо айланмаси 16,2 фоизга ошиб, 4,9 миллиард долларни ташкил этди, 2026 йилнинг дастлабки олти ойида эса ушбу кўрсаткич 2,8 миллиард долларга етди (2025 йилнинг мос даврида 2,09 миллиард доллар бўлган). Иқтисодий ҳамкорликнинг асосий йўналишларидан бири сифатида саноат кооперацияси кўрсатилди. Ҳозирга қадар умумий қиймати 227 миллион долларлик 15 та қўшма лойиҳа амалга оширилган.
Шунингдек, ҳудудлараро, таълим ва илмий ҳамкорлик изчил ривожланаётгани айтиб ўтилди. Хусусан, Оқтау шаҳрида ҳудудлар раҳбарлари кенгашининг биринчи йиғилиши ва Қўшма ҳукуматлараро комиссиянинг 23-йиғилиши ўтказилгани, Олмаотада Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти филиали ҳамда Чирчиқ шаҳрида М.Ауэзов номидаги Жанубий Қозоғистон университети филиали муваффақиятли фаолият юритаётгани қайд этилди. Тошкент вилоятидаги 34-сонли мактабга қозоқ ёзувчиси ва жамоат арбоби Рахметолла Раимқулов номи берилгани алоҳида эътироф этилди.
Серик Жумангарин тарих, маданият ва қардошлик ришталарининг умумийлиги икки халқ ўртасидаги яхши қўшничилик муносабатларининг асоси эканини таъкидлаб, Ўзбекистон халқига тинчлик ва фаровонлик тилади.
Мулоқотлар давомида Қозоғистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси раиси ўринбосари Мухтар Ерман, Европа Иттифоқи Делегацияси раҳбари, элчи Алешка Симкич ва Хитой элчиси Хан Чунлин Ўзбекистон томонини байрам билан табриклаб, мустақиллик йилларида мамлакат эришган салмоқли натижаларни, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш суръатларини ҳамда давлатни модернизация қилиш ва аҳоли фаровонлигини оширишга қаратилган ислоҳотлар кўламини юқори баҳоладилар.
Тадбир доирасида бой маданий ва гастрономик дастур ташкил этилди. Тошкентдаги “La Maison du Chapan” арт-бутикининг миллий либослар коллекцияси намойиши бўлиб ўтди. Концерт дастуридан “Навбаҳор” ашула ва рақс ансамбли ҳамда “САДО” вокал-чолғу ансамблининг чиқишлари ўрин олди.
Меҳмонлар расмий қабул маросимининг юқори ташкилий савияси ва мазмундорлигини, шунингдек, Ўзбекистоннинг бой миллий санъати, анъаналари ва самимий меҳмондўстлик муҳитини алоҳида эътироф этдилар. Тадбир якунида иштирокчилар Ўзбекистонга тинчлик ва тараққиёт, икки халқ ўртасидаги дўстлик ва ҳамкорликни янада мустаҳкамланишини тиладилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




