Балиқчида халқаро стандартларга мос спорт анжомлари ишлаб чиқарилмоқда
Сентябрь 23, 2026. 18:50 • 2 дақ
• 59
ТОШКЕНТ, 23 сентябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Балиқчи туманидаги “LB Sport” корхонаси фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, мамлакатимизда спорт индустриясини ривожлантириш, соҳага хусусий секторни кенг жалб қилиш ва маҳаллий ишлаб чиқаришни кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бунда импорт ўрнини босадиган, халқаро стандартларга мос сифатли спорт анжомлари ишлаб чиқариш муҳим аҳамиятга эга.
“LB Sport” спорт анжомлари ишлаб чиқарувчи етакчи маҳаллий корхоналардан биридир. Корхона 20 дан ортиқ спорт федерацияси билан ҳамкорлик қилмоқда.
Мазкур лойиҳа давлатимиз раҳбарининг жорий йил 24 мартдаги спорт соҳасига тадбиркорлик субъектларини жалб қилишни кенгайтиришга доир қарори асосида амалга оширилган.
Лойиҳанинг умумий қиймати 25 миллиард сўм бўлиб, тўлиқ тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилган. Корхонада 18 та спорт тури бўйича 65 хил маҳсулот ишлаб чиқарилади. Йилига 500 минг дона, умумий қиймати 75 миллиард сўм бўлган спорт анжомлари тайёрланади.
Маҳсулотлар сифат жиҳатидан хорижий муқобиллари билан рақобатлаша олади, нархи эса нисбатан арзон. Улар Қозоғистон, Қирғизистон ва МДҲнинг бошқа давлатларига экспорт қилинмоқда. Йиллик экспорт ҳажми 3 миллион долларни ташкил этади.
Корхона фаолиятида аҳоли бандлигини таъминлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилган. Балиқчи туманидаги 800 та кам даромадли оила билан касаначилик асосида ҳамкорлик йўлга қўйилган.
Касаначиларнинг 90 фоизини аёллар ташкил этади, 65 фоизи 30 ёшгача бўлган ёшлардир. Мазкур тизим аҳолига ўз хонадонида меҳнат қилиб, барқарор даромад олиш имконини бермоқда.
Корхонада таълим ва ишлаб чиқариш интеграцияси йўлга қўйилган. Тумандаги 1- ва 2-сон техникумларнинг 100 нафар ўқувчиси дуал таълим асосида ўқитилмоқда. Улар назарий билимларини бевосита ишлаб чиқариш жараёнида мустаҳкамламоқда.
Давлатимиз раҳбари ишлаб чиқариш жараёни ва тайёр маҳсулотлар намуналарини кўздан кечирди.
Корхонанинг истиқболдаги режалари ҳақида ахборот берилди. Ишлаб чиқариш йўналишларини кенгайтириш мақсадида 2027 йилда хорижий инвестициялар иштирокида спорт велосипедлари ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошириш режалаштирилган.
Шу ернинг ўзида иқтидорли ёшлар, корхона ишчилари билан самимий мулоқот қилинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси