Ўзбекистон ва Чжуншань ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди
Июнь 06, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 104
ГУАНЧЖОУ, 6 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Гуанчжоудаги Бош консулхонаси, Хитойнинг Чжуншань шаҳри Ташқи ишлар бошқармаси ҳамда Халқаро савдога кўмаклашиш қўмитаси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот жараёнида томонлар Ўзбекистон ҳудудлари ва Чжуншань шаҳри ўртасида ҳудудлараро ҳамкорликни ривожлантириш, ўзаро ташрифлар кўламини кенгайтириш ҳамда иқтисодий дипломатия воситаларидан самарали фойдаланиш масалаларини муҳокама қилди.
Суҳбат давомида шу йил июль ойида режалаштирилган Чжуншань мэрининг ўринбосари бошчилигидаги делегациянинг Ўзбекистонга ташрифига тайёргарлик кўришга алоҳида эътибор қаратилди. Сафар доирасида икки томонлама учрашувлар, “Бухоро – Чжуншань: савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорлик” бизнес-форуми ўтказилиши ҳамда қатор келишувлар имзоланиши кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Фарғона вилояти Савдо-саноат палатаси ва Чжуншань шаҳри Халқаро савдони ривожлантириш кенгаши (CCPIT) ўртасида бизнес-миссиялар алмашинувини фаоллаштириш, шунингдек, икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида тўғридан-тўғри алоқаларни ривожлантиришга келишиб олинди.
Чжуншань – Гуандун провинциясининг йирик саноат ва савдо марказларидан бири бўлиб, аҳолиси 4,5 миллион кишига яқин. Шаҳар иқтисодиётининг асосини электротехника, мебель ва тўқимачилик саноати ҳамда маиший техника ишлаб чиқариш ташкил этади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси