Эрбиль шаҳрида Ўзбекистон савдо уйи очилади
Июль 22, 2026. 08:55 • 2 дақ
• 46
ЭРБИЛЬ, 22 июль. /“Дунё” АА/. Ироқ Курдистони ҳукумати ва ишбилармонлар делегациясининг юртимизга ташрифидан сўнг Ўзбекистон элчиси Аюбхон Юнусов Эрбиль шаҳри Савдо-саноат палатасига хизмат сафарини амалга оширди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида элчи палата раиси Гайлан Ҳожи Саид билан учрашди. Мулоқот давомида Ўзбекистон ва Ироқ Курдистони ўртасида савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Музокаралар чоғида элчи Ироқ Курдистони делегациясининг Ўзбекистонга ташрифини ташкил этгани учун палата раҳбариятига миннатдорлик билдирди. Шунингдек, элчихонанинг икки томонлама савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга ҳар томонлама кўмаклашишга тайёрлигини қайд этди.
Учрашувда томонлар Эрбиль шаҳрида Ўзбекистон савдо уйини очиш ҳақида фикр-мулоҳаза алмашдилар. Қайд этилишича, янги савдо маркази ўзбек маҳсулотларини намойиш этиш ва сотиш учун муҳим аҳамиятга эга бўлади.
Элчи Ўзбекистон ҳукумати Курдистон минтақаси тадбиркорлари билан ҳамкорликни ривожлантириш учун зарур шарт-шароитлар яратаётгани, ўзбек компаниялари ва инвесторларини қўшма лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда халқаро кўргазмаларда иштирок этишга жалб қилиш бўйича ишлар олиб борилаётганини маълум қилди.
Палата раиси Ўзбекистон савдо уйини очиш ташаббусини қўллаб-қувватлаб, бу делегациянинг Тошкентга ташрифи чоғида эришилган келишувларнинг амалий натижаси эканини таъкидлади.
Шунингдек, у палата ўзбек компаниялари ва инвесторларига зарур ҳуқуқий ва логистика ёрдамини кўрсатишга тайёрлигини билдириб, янги савдо маркази Ўзбекистон ва Ироқнинг Курдистон минтақаси ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ҳамда иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлашга хизмат қилишини таъкидлади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси