Ўзбекистон–Миср тарихий-маданий алоқаларига бағишланган халқаро анжуман бўлиб ўтди
Июль 22, 2026. 08:10 • 2 дақ
• 74ҚОҲИРА, 22 июль. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Мисрдаги элчихонасида “Тарих ва маданият кўприги: Ўзбекистон–Миср” мавзусида халқаро илмий-амалий анжуман бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда таниқли экспертлар, шарқшунос олимлар, маданият ва санъат намояндалари, шоир ва ёзувчилар, шунингдек, Қоҳирада аккредитациядан ўтган дипломатик корпус вакиллари иштирок этди.
Анжуман доирасида Ўзбекистоннинг бой тарихий-маданий мероси, қадимий Ипак йўли шаҳарлари, ушбу соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда мамлакатимизнинг улкан сайёҳлик салоҳияти ҳақида атрофлича маълумот берилди. Иштирокчилар эътиборига мавзуга оид махсус видеороликлар ҳам намойиш этилди.
Тадбир давомида Ўзбекистоннинг бой маданий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга қаратилган қатор асарлар тақдимоти ўтказилди. Хусусан, Бахтиёр Расулов, Муҳайё Ортиқова ва Асрор Аллаёров ҳаммуаллифлигидаги “Andijan Polka: Tradition, Values, and Modernity” (“Андижон полькаси: анъана, қадрият ва замонавийлик”) монографияси ҳамда Бинафша Бозорованинг “Zulfiya: A Melodic Voice of Friendship” (“Зулфия: дўстлик тараннумчиси”) китоби иштирокчиларда катта қизиқиш уйғотди.
Шу билан бирга, ЮНЕСКОнинг Инсоният номоддий маданий мероси рўйхатига киритилган Хоразм рақс санъатига бағишланган “Хоразм лазги санъати: юксалиш йиллари” китоби, Ҳиндистонда нашр этиладиган “SUZ.IN” халқаро илмий журнали ҳам тақдим этилди.
Анжуманда сўзга чиққанлар Ўзбекистон ва Миср қадимий тамаддунлар бешиги сифатида жаҳон цивилизацияси тараққиётига улкан ҳисса қўшганини таъкидлади. Қайд этилганидек, мазкур қўшма лойиҳа икки мамлакат ўртасидаги маданий-гуманитар алоқаларни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.
Тадбир якунида томонлар илмий ва ижодий доиралар ўртасидаги мулоқотни янада фаоллаштириш ҳамда истиқболли нашриёт лойиҳаларини мунтазам амалга ошириш бўйича келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



