Logo

Деҳлида Ҳиндистон ва Марказий Осиё ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди

Март 27, 2026. 09:00 • 2 дақ

123
Деҳлида Ҳиндистон ва Марказий Осиё ҳамкорлиги истиқболлари муҳокама қилинди

ДЕҲЛИ, 27 март. /«Дунё» АА/. Деҳлида «Ҳиндистон - Марказий Осиё: кўп қутбли дунёда ўзаро боғлиқлик, хавфсизлик ва барқарор шериклик» (“India - Central Asia: Connectivity, Security, and Sustainable Partnerships in a Multipolar World”) мавзусида халқаро конференция бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.

Форум минтақа давлатлари дипломатик миссиялари раҳбарлари, Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ҳиндистон эксперт-таҳлил доиралари ҳамда илмий муассасалари вакиллари, шунингдек, дипломатик корпус аъзоларини бирлаштирди.

Конференция доирасида Ҳиндистон ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг асосий йўналишлари батафсил кўриб чиқилди. Иштирокчилар транспорт ва иқтисодий боғлиқликни ривожлантириш масалалари, жумладан, халқаро коридорлар ва савдо йўналишларини кенгайтириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратди.

Мунозараларда минтақавий хавфсизлик масалалари, хусусан, Афғонистондаги вазият, терроризмга қарши курашиш ва минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш мавзулари муҳим ўрин эгаллади. Иштирокчилар энергетика, иқтисодиёт ва гуманитар соҳаларда барқарор шерикликни шакллантириш, шунингдек, дунёнинг шаклланаётган кўп қутбли архитектурасида Ҳиндистон ва Марказий Осиё давлатларининг роли юзасидан фикр алмашди.

Шунингдек ўқинг

Ҳиндистоннинг ташқи сиёсий курсида Марказий Осиёнинг ортиб бораётган аҳамияти таъкидланди. Минтақа Евроосиё архитектурасининг асосий бўғинига айланиб бораётгани қайд этилди. Транспорт коридорларини ривожлантириш, энергетика соҳасидаги ҳамкорлик ва сиёсий мулоқотни фаоллаштириш устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Ўзбекистон билан муҳим ва ишончли шерик сифатидаги ҳамкорликка алоҳида урғу берилди. Конференция доирасида Ўзбекистон-Ҳиндистон алоқалари тарихий муштараклик ва савдо-иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга бўлган ўзаро қизиқишга таянган ҳолда изчил ривожланиш суръатини намойиш этаётгани таъкидланди. Икки томонлама ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида қўшма транспорт-логистика лойиҳаларини амалга ошириш, рақамлаштириш соҳасидаги кооперация, камёб металлар салоҳиятидан фойдаланиш, шунингдек, таълим ва маданият соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш қайд этилди.

Экспертлар қўшма ташаббусларни фаоллаштириш, самарали ишбилармонлик алоқалари учун институционал ва молиявий механизмларни мустаҳкамлаш, шунингдек, хусусий сектор ва академик доираларни икки томонлама шериклик жараёнларига жалб этиш муҳимлигини таъкидлади.

Конференция фикр алмашиш, стратегик ёндашувларни ишлаб чиқиш ва замонавий геосиёсий муаммолар шароитида Ҳиндистон-Марказий Осиё ҳамкорлигини мустаҳкамлаш учун муҳим илмий-амалий майдонга айланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Адилбек Каипбергенов

editor1@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш