Канададаги ўзбек диаспораси учун ифторлик ва сайёр консуллик қабули ташкил этилди
Март 16, 2026. 19:30 • 2 дақ
• 59
ТОРОНТО, 16 март. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси дипломатлари “Канададаги ўзбек ҳамжамияти” диаспора ташкилоти билан ҳамкорликда Торонто шаҳрида истиқомат қилаётган ватандошлар учун ифторлик дастурхони ёздилар, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мазкур тадбир муқаддас Рамазон ойининг файзини баҳам кўриш билан бирга, давлатимизнинг хориждаги фуқароларига бўлган юксак эътибори ва ғамхўрлигининг навбатдаги ифодаси бўлди. Ифторлик Канададаги ватандошлар ўртасида жипсликни мустаҳкамлаш, ўзаро ишонч ва дўстлик ришталарини боғлаш мақсадида ташкил этилди.
Онтарио провинциясида истиқомат қилувчи кўплаб юртдошларимиз иштирок этган тадбирда элчихона вакиллари йиғилганларни Рамазон ойи билан қутлаб, Ўзбекистон ҳукумати томонидан чет элдаги фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида сўзлади.
Тадбирнинг амалий аҳамияти шундаки, ифторлик олдидан элчихона ходимлари томонидан сайёр консуллик хизматлари кўрсатилди. Британ Колумбияси, Квебек, Онтарио ва Альберта каби йирик ҳудудлардан келган фуқаролар паспортларни янгилаш, нотариал ҳаракатлар ва бошқа ҳуқуқий масалалар бўйича бевосита жойида консультациялар олди.
Учрашувда сўзга чиққан ватандошлар Ўзбекистон Президенти томонидан юритилаётган инсонпарвар ва очиқ сиёсат туфайли хориждаги ўзбекликлар ҳеч қачон эътибордан четда қолмаётганини таъкидлади.
Иштирокчилар Канаданинг бошқа провинцияларида ҳам бу каби сайёр қабулларни давом эттириш истагини билдириб, кўрсатилаётган амалий ёрдам ва ғамхўрлик учун давлатимиз раҳбариятига самимий миннатдорлик изҳор этди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси