Жакартада “Умра плюс Ўзбекистон” туристик йўналиши кенг тарғиб қилинди
Июнь 26, 2026. 12:30 • 2 дақ
• 47ЖАКАРТА, 26 июнь. /“Дунё” АА/. Индонезия пойтахтида “Умра плюс Ўзбекистон – 2026” халқаро туризм кўргазмаси бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Кўргазмада Ўзбекистон, Индонезия, Малайзия, Қозоғистон, Саудия Арабистони ва Туркия каби қатор мамлакатлардан 1000 дан ортиқ соҳа вакиллари, туроператорлар, меҳмонхона тармоқлари ҳамда авиакомпаниялар масъуллари иштирок этди.
Ушбу тадбирни ўтказишдан асосий мақсад “Умра плюс Ўзбекистон” туристик йўналишини халқаро миқёсда тарғиб қилиш ва зиёрат туризми соҳасидаги бизнес алоқаларни мустаҳкамлашдан иборат бўлди.
Тадбирнинг очилиш маросимида Индонезия Савдо вазири ўринбосари Роро Эсти Дьях Путри, Маданият вазири ўринбосари Эндаҳ Ретно Астути ҳамда Саудия Арабистони, БАА ва Ўмон элчихоналари вакиллари қатнашди.
Роро Эсти Дьях Путри яқинда Ўзбекистонга қилган ташрифи давомида Имом Бухорий мақбараси ва Ислом цивилизацияси марказида бўлиб, юртимизнинг бой маънавий меросига гувоҳ бўлгани ҳақида тўхталиб ўтди. У “Умра плюс Ўзбекистон” концепцияси индонезиялик зиёратчилар учун муқаддас қадамжолар зиёратини Ислом оламининг муҳим марказлари билан уйғунлаштиришга хизмат қилувчи истиқболли ташаббус эканини таъкидлади.
“ASPURINDO” туризм уюшмаси раиси Муҳаммад Иқбол Муҳожир ҳам Ўзбекистон индонезияликлар учун алоҳида қадрли мамлакат экани ва маҳаллий туроператорлар ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдорлигини билдирди.
Кўргазма доирасида Ўзбекистоннинг зиёрат туризми имкониятлари ва тарихий шаҳарларига бағишланган алоҳида миллий экспозиция ташкил этилди. Туризм қўмитаси ҳамда маҳаллий сайёҳлик компаниялари хорижлик ҳамкорларга тайёр турпакетларни тақдим этди.
Индонезиянинг “ASTAGATRA”, “ASPURINDO” ва “SAPURA Wisata” каби йирик туроператорлари билан ўтказилган музокаралар якунида дастлабки муҳим келишувларга эришилди.
Хусусан, Жакарта–Тошкент йўналишида мунтазам авиақатновларни кенгайтириш орқали жорий йилнинг ноябрь–декабрь ойларидан бошлаб “Умра плюс Ўзбекистон” дастури доирасида ҳар бир уюшма томонидан ойига ўртача 1500 нафаргача (жами 3000 нафар) индонезиялик зиёратчини Ўзбекистон орқали Саудия Арабистонига юбориш имкониятларини ишлаб чиқишга келишиб олинди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси





