Ўзбекистон ва Глобал сув ташкилоти ўртасида ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Июнь 15, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 87
АР-РИЁЗ, 15 июнь. /“Дунё” АА/. Юртимиз дипломатлари Саудия Арабистонидаги Глобал сув ташкилоти (ГСТ) раҳбари Фаҳад бин Абдураҳмон Балғунайм билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида сув масаласи бугунги кунда глобал кун тартибидаги энг долзарб йўналишлардан бирига айлангани ҳамда унинг экологик барқарорлик, аҳоли саломатлиги, озиқ-овқат хавфсизлиги ва иқтисодий ўсиш билан бевосита боғлиқлиги таъкидланди.
Ташкилот раҳбари Саудия Арабистони ҳукумати томонидан ушбу соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди. Қайд этилганидек, Подшоҳлик дунёда сув ресурслари чекланган давлатлардан бири бўлгани сабабли “Нигоҳ – 2030” дастури доирасида сув тежамкорлиги, денгиз сувини чучуклаштириш, оқова сувларни қайта ишлаш ва рақамли ечимларни жорий этишга катта эътибор қаратмоқда.
ГСТ жаҳон давлатлари томонидан қўллаб-қувватланаётган сув соҳасидаги ягона халқаро ташкилот сифатида хорижий ҳукуматлар, халқаро ташкилотлар, молиявий институтлар ва илмий марказлар ўртасидаги шерикликни кучайтиришни мақсад қилган.
Ўз навбатида дипломатларимиз Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида сўнгги йилларда сув хўжалигини модернизация қилиш ва сувдан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.
Давлатимиз раҳбарининг 2026–2036 йилларни “Марказий Осиёда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш бўйича амалий ҳаракатлар ўн йиллиги” деб эълон қилиш ташаббуси Оролни қутқариш халқаро жамғармасининг барча таъсисчи давлатлари томонидан тўлиқ қўллаб-қувватлангани қайд этилди.
Фаҳад Балғунайм Ўзбекистонда янги Сув кодекси қабул қилинганини ҳамда 2025–2028 йилларга мўлжалланган Сув ресурсларини бошқариш ва ирригация соҳасини ривожлантириш давлат дастури изчил амалга оширилаётганини юқори баҳолади.
Бундан ташқари, у жорий йилнинг сентябрь–октябрь ойларида Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтадиган Бутунжаҳон сувни тежаш форуми ўтказилишини олқишлади ва расмий таклиф тақдим этилган тақдирда ГСТ раҳбарияти ушбу нуфузли анжуманда мамнуният билан иштирок этишини билдирди.
Учрашув давомида ГСТ раҳбари Ўзбекистоннинг тегишли вазирлик ва идоралари билан яқин ҳамкорлик ўрнатиш, ўзаро манфаатли йўналишларда тажриба алмашиш ҳамда биргаликда илмий тадқиқотлар ўтказишга тўлиқ тайёрлигини маълум қилди.
Глобал сув ташкилоти (Global Water Organization) 2023 йил 4 сентябрда Саудия Арабистони Валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд томонидан расман ташкил этилган. 2025 йил май ойига келиб унинг низоми саккиз таъсисчи давлат — Греция, Кувайт, Мавритания, Покистон, Қатар, Саудия Арабистони, Сенегал ва Испания томонидан имзоланган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси