Logo

Фарғонада Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлик форуми бўлиб ўтди

Апрель 03, 2026. 09:00 • 2 дақ

105
Фарғонада Марказий Осиё давлатлари ва Озарбайжон дўстлик форуми бўлиб ўтди

ЎШ, 3 апрель. /“Дунё” АА/. Фарғона вилоятида Марказий Осиё давлатлари ҳамда Озарбайжон иштирокида дўстлик форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур форумда юртимиздан ташқари Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Озарбайжондан келган меҳмонлар иштирок этди.

Учрашувлар “Дўстлик стелласи” пойига гул қўйиш маросими билан бошланди. Фарғона шаҳридаги “Дўстлик уйи”да саккизта миллий маданий марказ ўз анъаналари ва маҳорат дарсларини намойиш қилди.

Форум доирасида Фарғона давлат университетида илмий-амалий конференция ўтказилиб, минтақавий барқарорлик, ўзаро ишонч ва стратегик шериклик масалалари муҳокама қилинди. Иштирокчилар Президент Шавкат Мирзиёевнинг очиқ сиёсати туфайли қўшни давлатлар билан муносабатлар янги босқичга чиққанини таъкидлади.

Тадбир давомида қатор фаол иштирокчилар “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланди. Улар орасида Қирғизистон Ижтимоий таъминот ва миграция вазирининг биринчи ўринбосари Камчибек Досматов ва Ўш Давлат ўзбек академик мусиқали драма театри директори Аъзамжон Абдураззаков ҳам бор.

Меҳмонлар ушбу тадбирни дўстлик ва яқин қўшничилик рамзи сифатида баҳолади. Улар халқлар ўртасидаги азалий алоқалар ва бирлик янада мустаҳкамланаётганини қайд этди.

Форум якунида амалий келишувлар ҳам имзоланди. Жумладан, Қирғизистоннинг Боткен вилояти ҳамда Фарғона вилоятининг Сўғ ва Фарғона туманлари ўртасида ҳамкорлик меморандумлари тузилди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Dunyo1

dunyo1@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш