Ўзбекистон ва Туркманистон кимё саноатида ўзаро манфаатли ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Апрель 01, 2026. 09:33 • 2 дақ
• 164
АШХОБОД, 1 апрель. /«Дунё» АА/. Ўзбекистон элчиси Равшанбек Алимовнинг 30 март куни Ашхобод шаҳрида «Туркменхимия» давлат концерни раиси Ресул Мирадов билан учрашуви бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Мулоқот чоғида икки мамлакат ўртасида кимё саноати соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Томонлар мавжуд имконият ва салоҳиятдан самарали фойдаланган ҳолда саноат кооперацияси лойиҳаларини амалга ошириш истиқболларини белгилаб олдилар. Хусусан, Ўзбекистон ва Туркманистоннинг кимё саноатидаги ресурслари ва ишлаб чиқариш қувватларини бирлаштириш орқали янги инвестициявий лойиҳаларни йўлга қўйиш муҳимлиги таъкидланди.
Шунингдек, икки мамлакат ҳудудида талаб юқори бўлган кимё маҳсулотларини ўзаро етказиб бериш соҳасида ҳамкорликни давом эттиришга келишиб олинди.
Учрашув якунида томонлар мулоқотни тизимли давом эттириш ва олий даражада эришилган икки томонлама келишувларнинг изчил ва самарали амалга ошириш учун барча имкониятларни сафарбар қилишга келишиб олдилар.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси