Ўзбек ва турк олимлари Темурийлар ва Усмонийлар ўртасидаги боғлиқлик ҳақида фикр алмашди
Апрель 02, 2026. 19:13 • 3 дақ
• 83
ҲАТАЙ, 2 апрель. /“Дунё” АА/ – Туркиянинг Ҳатай вилоятида Туркия-Ўзбекистон олимлар ва зиёлилар форуми бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Туркия ва Ўзбекистон ўртасида илм-фан соҳасида ҳамкорлик тобора кенгайиб, янги илмий ва маданий платформалар шаклланмоқда. Бу йўналишда муҳим қадамлардан бири Ҳатайдаги Мустафо Камол университетида ташкил этилган Туркия–Ўзбекистон олимлар ва зиёлилар форуми бўлди.
Ушбу тадбир Алишер Навоий номидаги халқаро жамоат фонди ва Республика Маънавият ва маърифат маркази ҳамкорлигида ўтказилди. Форумда Туркия ва Ўзбекистондан келган олимлар, зиёлилар ва талабалар иштирок этди.
Ўзбекистонлик профессор Абдуҳалил Маврулов Туркия ва Ўзбекистон халқларининг илдизлари умумий туркий этногенезга бориб тақалишини таъкидлади. У хоқонликлар даврида туркий қабилалар илк бор ягона сиёсий ва маданий маконда бирлашганини қайд этди.
Шунингдек, Ғарбга йўналган кўчишлар натижасида ташкил топган Салжуқийлар давлати орқали туркий-исломий маданият Анадолу ҳудудига кириб келгани айтилди. Мовароуннаҳр ҳудудининг илм маркази сифатидаги аҳамияти, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино ва Мирзо Улуғбек каби буюк алломаларнинг жаҳон илм-фанига қўшган ҳиссаси алоҳида эътироф этилди.
Форум давомида ўзбек ва турк олимлари Темурийлар ва Усмонийлар давлатлари ўртасидаги маданий-маърифий боғлиқлик ва давомийлик ҳақида сўз юритиб, бу ҳақда ўзаро фикр-мулоҳаза алмашди.
Феруза Тўрахўжаеванинг фикрича, форум илмий мулоқотдан ташқари, икки қардош халқнинг маънавий уйғониши рамзи сифатида муҳим аҳамиятга эга. Унинг сўзларига кўра, Алишер Навоий мероси Туркия ва Ўзбекистонни ягона маънавий макон ғояси атрофида бирлаштирмоқда.
Мустафо Камол университети ректори Вейсел Эрен маданият фақат ўтмиш мероси эмас, балки ўтмиш, бугун ва келажакни боғловчи жонли жараён эканини таъкидлади. У умумий меросни музей экспонати сифатида эмас, балки ҳаракатланувчи лаборатория сифатида ривожлантириш зарурлигини айтди. Шу жараёнда академик ҳамкорлик, маданий дипломатия ва рақамли лойиҳалар муҳим омил сифатида кўрсатилди.
Форумда глобал интернет оламининг ёшлар ҳаётига таъсири масаласи ҳам муҳокама қилинди. Амиржон Мардонов рақамли технологиялар, сунъий интеллект, киберхавфсизлик ва ҳуқуқий маданият ҳақида сўз юритди. Бундай жараёнда ёшларнинг рақамли маконда онгли ва масъулиятли иштироки муҳимлиги қайд этилди.
Туркия ва Ўзбекистон алоқалари нафақат умумий тарихий меросга, балки умумий келажак тасаввурига ҳам асослангани яна бир бор кўрсатилди. Ягона тил, тарих ва цивилизация негизидаги ҳамкорлик ягона маънавий макон ғояси асосида мустаҳкамланиб, туркий дунёнинг келажагини белгилашда муҳим аҳамият касб этади.
Форум сўнггида иштирокчилар Ҳатайдаги ўзбек маҳалласига ташриф буюриб, Наврўз байрами муносабати билан ўтказилган маданий-маърифий тадбирларда қатнашди. Меҳмонларга анъанавий ўзбек таомлари – сумалак ва ўзбек палови тортиқ қилинди, турли эсдалик совғалар тақдим этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси