Немис олимларининг Марказий Осиёдаги иқлим ўзгаришига бағишланган китоби нашр этилди
Ноябрь 02, 2026. 16:00 • 3 дақ
• 18БЕРЛИН, 2 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германия олимлари ташаббуси билан халқаро “Springer Nature” нашриётида “Марказий Осиёнинг барқарор келажаги сари: иқлим, ресурслар ва инсон хавфсизлиги таҳлили” номли илмий китоб нашр этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Марказий Осиёнинг иқлим ўзгариши, сув ресурслари ва инсон хавфсизлигига бағишланган ушбу китоб Потсдам иқлим таъсирини тадқиқ қилиш институти олимлари Иулий Дидовец, Валентина Крисанова, Фред Фокко Хаттерманн ҳамда Гельмгольц геофанлар марказида фаолият юритаётган ўзбекистонлик олим, гидролог Аброр Ғафуров таҳрири остида тайёрланди. Ушбу китобни тайёрлашда 37 та илмий муассасанинг 86 нафар олими иштирок этди.
Тадқиқотда Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистонда иқлим ўзгаришининг сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва экологик барқарорликка таъсири таҳлил қилинган.
Олимларнинг хулосаларига кўра, Марказий Осиёда ҳаво ҳарорати жаҳон бўйича ўртача кўрсаткичларга нисбатан тезроқ кўтарилмоқда. Айрим иқлим сценарийларида 2100 йилга бориб музликлар ҳажми 85 фоизгача қисқариши, 2050 йилга келиб эса ёз ойларида дарёлар суви 50 фоизгача камайиши мумкин. Бу, айниқса, суғорма деҳқончиликка боғлиқ Ўзбекистон учун жиддий муаммоларни келтириб чиқариши эҳтимолдан холи эмас.
Китобда сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, музликлар ва қор захираларини мониторинг қилиш, қишлоқ хўжалигини иқлим ўзгаришига мослаштириш ҳамда давлатлар ўртасида трансчегаравий сув ҳамкорлигини кучайтириш зарурлиги алоҳида таъкидланган.
Нашрда ўзбекистонлик олим Аброр Ғафуровнинг илмий ҳиссаси ҳам муҳим ўрин эгаллаган. У ҳаммуаллифлик қилган тадқиқотда MODSNOW замонавий мониторинг тизимининг имкониятлари ёритилган.
Ушбу технология сунъий йўлдош маълумотлари асосида тоғлардаги қор қопламини кузатиш, сув захираларини баҳолаш ва дарёлар оқимини прогнозлаш имконини беради. Тизим Марказий Осиёнинг бешта давлатида ҳам қўлланилмоқда.
Шунингдек, тадқиқотда иқлим ўзгаришининг буғдой ҳосилдорлигига таъсири ҳам ўрганилган. Ҳисоб-китобларга кўра, амалдаги агротехник шароитлар сақланиб қолса, Ўзбекистонда ўрганилган саккиз ҳудуднинг еттитасида кузги буғдой ҳосилдорлиги пасайиши мумкин. Бу иссиқликка чидамли навларни танлаш, экиш муддатларини мослаштириш ва суғориш самарадорлигини ошириш муҳимлигини кўрсатади.
Мазкур китоб Марказий Осиёда иқлим ўзгариши оқибатларини чуқур англаш, сув ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, экологик хавфларни камайтириш ҳамда минтақавий ҳамкорликни ривожлантириш учун муҳим илмий манба ҳисобланади. Ундаги хулоса ва тавсиялар Ўзбекистонда сув ресурсларини бошқариш ва иқлим ўзгаришига мослашиш бўйича амалий чора-тадбирларни ишлаб чиқишда ҳам фойдаланилиши мумкин.
Китобнинг электрон нусхаси “Springer Nature” нашриёти сайтида очиқ фойдаланиш учун жойлаштирилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси


