“Ambasador” журнали: Ўзбекистон ислоҳотлар ва келажак тараққиёти чорраҳасида
Ноябрь 02, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 71ВАРШАВА, 30 октябрь. /“Дунё” АА/. Польшанинг нуфузли “Ambasador” журналининг октябрь сонида Ўзбекистонга бағишланган қатор мақолалар ва “Тараққиёт стратегияси” маркази директори Элдор Тўляков билан интервью эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Журналда чоп этилган “Ўзбекистон мустақиллигининг 35 йиллигини нишонламоқда” сарлавҳали мақолада Варшава шаҳрида ўтказилган тантанали қабул маросими ҳақида сўз юритилган. Унда Ўзбекистоннинг Польшадаги элчиси Амирсаид Агзамходжаев икки томонлама алоқаларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун бир қатор польшалик сиёсий, ишбилармон ва илмий доиралар вакилларига ташаккурномалар топширгани қайд этилган.
Шунингдек, Варшава университети Музейида ўтказилган давра суҳбатига бағишланган “Ўзбекистон - 2030: ислоҳотлар ва келажак нигоҳи” сарлавҳали мақола чоп этилди. Унда Польшанинг собиқ президенти Александр Квасьневский ва бошқа экспертлар иштирокида “Ўзбекистон – 2030” стратегиясининг поляк тилидаги нашри таништирилгани ҳамда мамлакатдаги кенг кўламли ислоҳотлар муҳокама қилингани ёритилган.
Нашрда эълон қилинган яна бир мақолада Элдор Тўляков давлат бошқарувини рақамлаштириш мамлакатдаги энг ўзгартирувчи ислоҳотлардан бири эканини таъкидлаган. Маълумотларга кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистон ЯИМ ҳажмини 240 миллиард доллардан ошириш, ҳар бир фуқарога тўғри келадиган ЯИМ миқдорини 5800 доллардан юқори қилиш ҳамда қайта тикланувчи энергетика улушини 54 фоизга етказишни режалаштирмоқда. У Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни кенгайтиришда, хусусан, Польша муҳим “кўприк” вазифасини бажариши мумкинлигини қайд этган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



