Ўмон тажрибаси асосида Ўзбекистонда трансформаторлар ишлаб чиқариш истиқболлари ўрганилди
Ноябрь 02, 2026. 15:30 • 2 дақ
• 102
МАСКАТ, 2 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон ва Ўмон юқори кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳамда асосий бутловчи қисмларни Ўзбекистон ҳудудида маҳаллийлаштириш истиқболларини муҳокама қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар Ўзбекистон делегациясининг Ўмонга ташрифи доирасида бўлиб ўтди. Ташриф давомида Саноат кооперацияси ва давлат харидлари агентлиги, “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси ҳамда маҳаллий корхоналар вакиллари Соҳар шаҳридаги “Voltamp Power SAOC” заводида бўлди.
Агентлик директори Бахтиёр Ҳайдаров ва “Ўзэлтехсаноат” уюшмаси раиси Мирзиёд Юнусов бошчилигидаги делегация юқори кучланишли трансформаторларни ишлаб чиқариш технологиялари, сифат назорати тизими ҳамда бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш бўйича компания тажрибаси билан танишди.
Корхонага ташриф давомида “Voltamp Energy” компанияси директорлар кенгаши раиси Саййид Аймен бин Ҳамад ал-Бусайдий ва бош директори Муҳаммад Ажмал Баша билан музокаралар ўтказилди.
Томонлар “Nura Group” компанияси иштирокида Ўзбекистонда юқори кучланишли трансформаторлар ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва асосий бутловчи қисмларни маҳаллийлаштириш имкониятларини кўриб чиқди.
Ушбу ташаббуслар Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги саноат кооперациясини кенгайтириш ҳамда мамлакатимиз электротехника тармоғини ривожлантириш учун янги имкониятлар яратиши кутилмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси