Германияда Ўзбекистоннинг туристик ва иқтисодий салоҳиятига бағишланган форум бўлиб ўтди
Ноябрь 07, 2026. 17:00 • 2 дақ
• 11
КЁНИГСВИНТЕР, 7 ноябрь. /“Дунё” АА/. Германиянинг Кёнигсвинтер шаҳрида мамлакатимизнинг тарихий-маданий мероси, туристик ва иқтисодий салоҳиятига бағишланган “Ўзбекистон – қадимги ва замонавий Ипак йўлидаги мамлакат” мавзусида форум бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Немис-ўзбек жамияти (Deutsch-Usbekische Gesellschaft e.V.) томонидан Ўзбекистоннинг Франкфурт-Майн шаҳридаги Бош консулхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбир Ўзбекистон билан алоқаларни ривожлантиришдан манфаатдор бўлган Германия жамоатчилиги вакилларини бирлаштирди.
Форум доирасида Немис-ўзбек жамияти президенти доктор Колин Дюркоп ва фотосуратчи Аннетте Флек иштирокчиларга Ўзбекистон бўйлаб саёҳатлар давомида олинган фотосуратлар, видеоматериаллар ва таассуротларини тақдим этдилар. Самарқанд, Бухоро ва Хиванинг тарихий шаҳарлари, табиий диққатга сазовор жойлар, жумладан, Қизилқум чўли ва Оролбўйи минтақаси, шунингдек, ўзбек меҳмондўстлиги анъаналари ҳамда Фарғона водийси ҳунармандчилик меросига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистондаги замонавий ўзгаришлар, инфратузилмани ривожлантириш, рақамлаштириш, таълим тизимини модернизация қилиш ва хорижий инвесторлар учун қулай шароитлар яратиш масалалари алоҳида муҳокама мавзусига айланди.
Шунингдек, маданий-маърифий, гастрономик, экологик ва сайёҳлик турларини ўз ичига олган туризм тармоғини ривожлантириш истиқболлари, транспорт инфратузилмасини такомиллаштириш ҳамда меҳмонхоналар бизнесини кенгайтириш масалалари тақдим этилди.
Тадбирда Немис-ўзбек жамияти илмий-таълим соҳасидаги алмашинувларни қўллаб-қувватлаш, шаҳарлар ўртасида қардошлик муносабатларини ривожлантириш ва қўшма бизнес ташаббусларини амалга ошириш орқали икки мамлакат ўртасидаги гуманитар ва иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга муносиб ҳисса қўшиб келаётгани таъкидланди.
Форум Ўзбекистоннинг туристик ва инвестициявий салоҳиятини кенг тарғиб қилиш, шунингдек, икки мамлакат халқлари ўртасидаги ўзаро англашув ва ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш майдонига айланди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси