Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

Ноябрь 07, 2026. 11:30 • 2 дақ

• 125
Исломободда Ўзбекистон ва Покистон ШҲТ доирасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди

ИСЛОМОБОД, 7 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев Покистон Ташқи ишлар вазирининг ўринбосари, ШҲТ ишлари бўйича миллий координатор Халил Ҳашми билан учрашув ўтказди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Музокаралар аввалида Ўзбекистон ва Покистон муносабатларининг бугунги ҳолати, уларни янада ривожлантириш истиқболлари, олий даражада эришилган келишувларнинг ижроси ва ШҲТ доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар минтақадаги жорий вазият, унинг хавфсизлик, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ҳамда Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги транспорт боғлиқлигига таъсири юзасидан фикр алмашдилар.

Минтақавий муаммоларни ҳал этиш Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги ўзаро боғлиқликни мустаҳкамлаш учун муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.

Халил Ҳашми Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги икки томонлама ва кўп томонлама ҳамкорликни, барқарор сиёсий мулоқотни ҳамда олий даражадаги ишончли алоқаларни алоҳида қайд этди. Унинг айтишича, савдо-иқтисодий, транспорт, туризм ва ҳудудлараро ҳамкорликни ўз ичига олган деярли барча йўналишларда ижобий суръат кузатилмоқда.

Шунингдек ўқинг

– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида юртингизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, жадал иқтисодий тараққиёт ва изчил ислоҳотлар Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги боғлиқликни таъминлашда ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда, – деди Покистон ТИВ раҳбари ўринбосари. – Шунингдек, Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги тарихий ва маданий алоқалар икки томонлама муносабатларни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Мулоқот чоғида Покистоннинг ШҲТга раислиги даврида белгиланган бўлажак тадбирлар, шунингдек, жорий йилда ўтказилиши режалаштирилган қўшма тадбирлар режаси ҳам муҳокама қилинди.

Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги ҳамкорликнинг барча йўналишлари бўйича фаол мулоқотни давом эттиришга келишиб олдилар.

Эслатиб ўтамиз, 2026 йил 31 август куни Бишкек шаҳрида бўлиб ўтган ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишидан сўнг ташкилотга бир йиллик раислик Покистонга ўтди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш