Москвада Россия ва Ўзбекистон ўртасида гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

Ноябрь 04, 2026. 19:30 • 2 дақ

• 128
Москвада Россия ва Ўзбекистон ўртасида гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Москвада Россия ва Ўзбекистон ўртасида гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Москвада Россия ва Ўзбекистон ўртасида гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди
Москвада Россия ва Ўзбекистон ўртасида гуманитар соҳалардаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинди

МОСКВА, 4 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Ботир Асадов 2–8 ноябрь кунлари Москвада ўтказилаётган “Россия халқлари” халқаро ҳафталиги доирасида ташкил этилган “Халқаро маданий-гуманитар ҳамкорлик форматлари, иштирокчилари ва истиқболлари” мавзусидаги панель сессиясида қатнашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мунозарани Россия Президентининг халқаро маданий ҳамкорлик бўйича махсус вакили Михаил Швидкой олиб борди. Асосий иштирокчилар қаторида МДҲга аъзо давлатларнинг Гуманитар ҳамкорлик бўйича давлатлараро жамғармаси ижрочи директори Анатолий Иксанов, Кино жамғармаси раҳбари Фёдор Соснов, Горчаков жамғармаси бошлиғи Леонид Драчевский ва Қозоғистон элчиси Даурен Абаевлар ҳам қатнашди.

Ботир Асадов гуманитар соҳадаги Ўзбекистон–Россия ҳамкорлиги ҳолати ва истиқболларига тўхталиб, унинг кўп қиррали ва барқарор хусусиятга эга эканини таъкидлади. У Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан икки мамлакат ўртасида таълим, фан, маданият ва санъат соҳаларидаги ўзаро ҳамкорлик изчил кенгайиб бораётганини эътироф қилди. Шунингдек, маданиятлараро алоқалар мустаҳкамланиб, халқларимизнинг муштарак тарихий ва маънавий қадриятлари асраб-авайланаётганини қайд этди.

Элчи олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма таълим дастурларини амалга ошириш, ўқитувчилар ва талабалар алмашинуви, илмий-тадқиқот лойиҳалари, соғлиқни сақлаш, туризм ва ёшлар сиёсати соҳаларидаги ўзаро алоқаларга алоҳида эътибор қаратди.

Дипломат Ўзбекистон томони гуманитар ҳамкорликни янада кенгайтириш ҳамда икки мамлакат манфаатларига мос келадиган янги қўшма лойиҳаларни амалга оширишдан манфаатдор эканини билдирди.

Михаил Швидкой Ўзбекистоннинг маданиятлараро мулоқотни ривожлантиришдаги муҳим ўрни хусусида сўз юритди. У Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази очилгани ва Самарқандда Имом ал-Бухорий ёдгорлик мажмуаси барпо этилгани, уларнинг ислом олами тарихий-маданий ва маънавий меросини асраб-авайлаш, ўрганиш ҳамда оммалаштиришдаги аҳамиятини таъкидлади.

Мунозара якунида Михаил Швидкой бундай учрашувлар мамлакатлар ўртасидаги дўстона муносабатларни мустаҳкамлаш ҳамда маданий-гуманитар соҳада янги қўшма ташаббусларни ривожлантиришга хизмат қилишига ишонч билдирди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш