Германияда ўзбек миллий таомлари ва маданияти фестивали бўлиб ўтди

Август 13, 2026. 09:00 • 2 дақ

62
Германияда ўзбек миллий таомлари ва маданияти фестивали бўлиб ўтди
Германияда ўзбек миллий таомлари ва маданияти фестивали бўлиб ўтди
Германияда ўзбек миллий таомлари ва маданияти фестивали бўлиб ўтди
Германияда ўзбек миллий таомлари ва маданияти фестивали бўлиб ўтди

БРАУНШВАЙГ, 13 август. /“Дунё” АА/. Германиянинг Баден-Вюртемберг федерал ўлкасида ўзбек таомлари ва маданияти фестивали бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ушбу фестиваль мамлакатимизнинг Германиядаги дипломатик ваколатхонаси ҳамда ватандошларимиз Евгений ва Юлия Шатцлар ҳамкорлигида ташкил этилди. Еттинчи бор ўтказилган тадбир Европадаги ҳамюртлар учун анъанавий учрашув майдонига айланди.

Фестивалда Германиянинг турли ҳудудлари, Европа ва МДҲ давлатлари, АҚШдан келган ватандошлар, немис ишбилармон доиралари ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.

Гастрономик дастурда сомса, тандир гўшт, шўрва, палов ва бошқа миллий таомлар намойиш қилинди. Ўзбекистонлик ошпазларнинг миллий палов тайёрлаш бўйича маҳорат дарси фестивалнинг муҳим тадбирларидан бири бўлди.

Учрашувлар давомида атлас, адрас матолари, сўзана, каштачилик ва зардўзлик намуналари, миллий либослар ҳамда ҳунармандчилик буюмлари кўргазмаси ташкил этилди. Ўзбекистон маданияти ва санъатига бағишланган ижодий ишлар намойиш қилинди.

Миллий ўйинлар, рақс ва қўшиқлар иштирокчиларда катта таассурот қолдирди. Меҳмонлар учун Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб қилувчи ахборот бурчаги ташкил этилиб, тарихий шаҳарлар ва замонавий сайёҳлик йўналишларига бағишланган буклетлар тарқатилди.

Элчихона вакиллари фестивальнинг ватандошлар ўртасида ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, миллатлараро дўстлик ва Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини тарғиб этишдаги аҳамияти ҳақида тўхталиб ўтди. Иштирокчиларга мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди.

Фестиваль ташкилотчилари Евгений ва Юлия Шатцлар тадбир географияси тобора кенгайиб бораётганини қайд этди.

“Биз Германияда яшаймиз, аммо фестиваль куни ўзимизни Ватандагидек ҳис қиламиз. Меҳмонлар миллий таомларимизни татиб кўргач, Ўзбекистонни ўз кўзлари билан кўриш истагини билдиришади. Шу боис, ҳар йили хорижликлар учун мамлакатимизга янги туристик маршрутлар бўйича саёҳатлар ташкил этаяпмиз”, – деди Шатцлар оиласи.

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш