“Global News Pakistan”: Ўзбекистонда тадбиркорлик учун янги имкониятлар яратилмоқда

Август 13, 2026. 09:30 • 2 дақ

25
“Global News Pakistan”: Ўзбекистонда тадбиркорлик учун янги имкониятлар яратилмоқда

ИСЛОМОБОД, 13 август. /“Дунё” АА/. Покистоннинг “Global News Pakistan” ахборот агентлиги Ўзбекистонда тадбиркорлик соҳасидаги ислоҳотларга бағишланган мақола эълон қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.

Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон иқтисодиётининг бугунги ва эртанги ривожи бевосита хусусий секторнинг эркинлиги, ишбилармонлар учун яратилаётган тенг ва қулай имкониятлар ҳамда мустаҳкам ҳуқуқий ҳимоя билан белгиланиши таъкидланган.

Ўзбекистонда мустаҳкам анъанага айланган давлат раҳбарининг тадбиркорлар билан очиқ мулоқоти бизнес ва давлат ўртасидаги тўғридан-тўғри, прагматик ва самарали алоқанинг асосий механизми сифатида эътироф этилган.

Ўзбек тадбиркорларининг Президент билан тўғридан-тўғри суҳбат қилиши мамлакатда ишбилармонлик муҳитини тубдан ўзгартирмоқда. Тадбиркорликни ривожлантириш мақсадида қабул қилинган тизимли қарорлар ва берилган енгилликлар бизнес субъектлари учун аниқ ва реал афзалликларни тақдим қилинмоқда.

Шунингдек ўқинг

Шу билан бирга, материалда Ўзбекистонда давлат раҳбари ва тадбиркорлар ўртасидаги VI очиқ мулоқотга пухта тайёргарлик кўрилаётгани хабар қилинган.

Жорий йил 15 майдан бошлаб турли вазирлик ва идоралар вакилларидан иборат республика штаби ташкил этилиб, 24/7 режимида узлуксиз фаолият олиб бормоқда. Call-марказ ва расмий ботлар орқали 6 мингга яқин мурожаат келиб тушган. Ижро доирасида 4,2 мингдан ортиқ мурожаат ижобий ҳал этилди, 1,8 мингга яқин мурожаатни кўриб чиқиш жараёни давом этаяпти.

“Мунтазам ўтказиб келинаётган очиқ мулоқотлар ва уларда қабул қилинаётган тизимли қарорлар тадбиркорларга ўз фаолият кўламини кенгайтириш, экспорт имкониятларини ошириш ҳамда халқаро бозорда рақобатдошликни мустаҳкамлаш учун беқиёс имкониятдир”, – дея Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Ваҳобов сўзларидан иқтибос келтирилган мақолада.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш