Ўзбекистон 57 та мамлакатга майиз етказиб бермоқда

Август 13, 2026. 09:58 • 2 дақ

25
Ўзбекистон 57 та мамлакатга майиз етказиб бермоқда

ТОШКЕНТ, 13 август. /“Дунё” АА/. 2026 йилнинг январь–июнь ойларида Ўзбекистон 57 та хорижий мамлакатга умумий қиймати 60 миллион АҚШ долларига тенг бўлган 47,7 минг тонна майиз экспорт қилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Ўтган йилнинг шу даврига нисбатан маҳсулот етказиб бериш ҳажми 704,5 тоннага ошди.

Миллий статистика қўмитаси маълумотларига кўра, Қозоғистон ўзбек майизининг энг йирик харидорига айланди, ушбу мамлакатга 15,2 минг тонна маҳсулот етказиб берилди. Кейинги ўринлардан Хитой — 6 минг тонна, Россия — 5,6 минг тонна, Туркия — 3,9 минг тонна ва Эрон — 1,7 минг тонна кўрсаткич билан жой олган.

Шунингдек, Украинага — 1,6 минг тонна, Озарбайжонга — 1,4 минг тонна, Грузияга — 1,2 минг тонна, БААга — 1,1 минг тонна ва Германияга — 1 минг тонна экспорт қилинди. Бразилияга 994,2 тонна ўзбек майизи етказиб берилди. Яна 8 минг тоннага яқин ҳажм бошқа хорижий бозорлар ҳиссасига тўғри келди.

Тармоқнинг юқори экспорт салоҳияти халқаро маълумотлар билан ҳам тасдиқланмоқда. UN Comtrade маълумотлар базасига кўра, 2024 йилда Ўзбекистон 53 минг тонна майиз экспорт қилиб, ушбу маҳсулотни етказиб бериш ҳажми бўйича дунёда 7-ўринни эгаллади.

2024 йилда дунёнинг энг йирик майиз экспорт қилувчилари қаторига Туркия — 205,9 минг тонна, Жанубий Африка Республикаси — 81,7 минг тонна, Хитой — 76,4 минг тонна, Чили — 59,1 минг тонна, Ҳиндистон — 55,6 минг тонна ва АҚШ — 53,7 минг тонна кўрсаткич билан кирди.

Ўзбекистон 53 минг тонна кўрсаткич билан Аргентина (38,5 минг тонна), Греция (15,6 минг тонна) ва Нидерландияни (12,7 минг тонна) ортда қолдириб, еттинчи поғонадан жой олди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Zilola Ahmedova

zilola@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш