Ғузорда замонавий кўчатчилик маркази ташкил этилди
Октябрь 21, 2026. 18:50 • 3 дақ
• 74
ТОШКЕНТ, 21 октябрь. /“Дунё” АА/. Президент Шавкат Мирзиёев бугун Қашқадарё вилоятига ташрифи давомида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида Ғузор туманида ташкил этилган кўчатчилик маркази фаолияти билан танишди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Давлатимиз раҳбари матбуот хизмати маълумотига кўра, Ўзбекистон Президентининг 2026 йил 23 сентябрдаги фармони билан маҳаллаларнинг кўкаламзорлаштиришдаги ролини кучайтириш, “3-30-300” тамойили асосида яшил ҳудудларни кенгайтириш вазифалари белгиланган. Янги марказ сифатли кўчат етиштиришни маҳаллалар эҳтиёжи, дарахтларни парваришлаш ва аҳоли бандлиги билан боғлашга қаратилган.
Хориж тажрибаси асосида 65 гектар майдонда ташкил этилган мажмуанинг қиймати 9,5 миллиард сўм. Бу ерда 100 га яқин иш ўрни яратилган.
Марказнинг 50 гектари манзарали дарахтлар, 5 гектари мевали дарахтлар, 3 гектари бута ва гул кўчатларини етиштиришга ажратилган. Биринчи босқичда 1,6 миллион дона, кейинги босқичда 5 миллион дона ниҳол ва кўчат етиштириш кўзда тутилган. Бу ерда 41 турдаги манзарали ва игнабаргли дарахт кўчатлари мавжуд.
Мажмуада очиқ кўпайтириш майдонлари, иссиқхона, уруғдан ниҳол етиштириш ва кўчатларни соялаш иншоотлари барпо қилинган. Сиғими 4,2 минг куб метр бўлган учта мембранали сув ҳавзаси ташкил этилиб, 20 гектар майдонга томчилатиб суғориш тизими ўрнатилган. Компост ва мульча тайёрлаш ускуналари ҳамда қуёш панелларидан фойдаланилмоқда.
Замонавий технологиялар йил давомида, жумладан, экиш мавсумидан ташқари вақтда ҳам кўчат етиштириш имконини беради. Ҳисоб-китобларга кўра, анъанавий усулларга нисбатан етиштириш ҳажми 8-10 баробар кўпайиб, сув сарфи 3 баравар камаяди. Бу кўчатлар таннархини 30-40 фоизга пасайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
Марказда маҳаллаларни яшиллаштириш учун алоҳида хизматлар йўлга қўйилган. Улар кўчат ва буталар етказиб бериш, зарарланган дарахтларни даволаш, мульчалаш ҳамда томчилатиб суғориш тизимларини ташкил этишни қамраб олади. Ҳар бир маҳаллага ўрмончи мураббий бириктирилиб, “еттилик” аъзолари учун ҳар бир экиш мавсуми олдидан ўқувлар ўтказилади.
Аҳоли ҳам кўчат етиштириш жараёнига жалб қилинмоқда. Кооперация шартномалари асосида фуқароларга ниҳоллар етказиб берилади. Улар хонадонларда бир-икки мавсум парваришланиб, тайёр кўчатга айлангач, кафолатли тарзда сотиб олинади. Бу оилаларга қўшимча даромад манбаи яратади.
Давлатимиз раҳбари марказда яратилган шароитларни кўздан кечириб, кўчат экиш ва боғ яратиш халқимизга хос эзгу анъана эканини таъкидлади. Марказнинг маҳаллаларни кўкаламзорлаштириш ва аҳоли даромадларини оширишдаги имкониятлари ҳақида ахборот берилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси