Индонезияда 16 ёшгача бўлган 4,7 миллион ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг аккаунти ўчириб қўйилди

Июнь 27, 2026. 11:00 • 2 дақ

91
Индонезияда 16 ёшгача бўлган 4,7 миллион ижтимоий тармоқ фойдаланувчисининг аккаунти ўчириб қўйилди

ЖАКАРТА, 27 июнь. /“Дунё” АА/. Индонезияда “TikTok” ва “YouTube” ижтимоий платформалари 16 ёшгача бўлган болаларга тегишли жами 4,7 миллионга яқин аккаунтни ўчириб қўйди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Бу ҳақда “Reuters” ахборот агентлиги алоқа ва рақамли технологиялар вазири Меутья Ҳафиданинг ижтимоий тармоқлар учун кучга кираётган чекловлар ҳақидаги сўзларига таяниб ёзмоқда.

Қайд этилишича, “TikTok” 4,1 миллион, “YouTube” видеоплатформаси эса 600 мингга яқин аккаунтни ўчирган. Компаниялар расмийлари ҳозирча бу маълумот юзасидан изоҳ бергани йўқ.

Эслатиб ўтамиз, март ойида Индонезияда давлат томонидан “юқори хавфли” деб тан олинган ижтимоий тармоқларга 16 ёшга тўлмаган фойдаланувчиларнинг аккаунтларини ўчириб қўйиш мажбуриятини юкловчи тартиб қабул қилинган эди. Ҳозирга қадар “Х”, “Instagram” тармоқлари ва “Roblox” ўйин платформаси ушбу қоидалар таъсирига тушиб бўлган.

Вазирнинг таъкидлашича, ҳукумат нафақат болаларнинг ижтимоий тармоқларга киришини чеклашни, балки платформаларнинг ўз сиёсатини ўзгартиришни ҳам мақсад қилган.

“Биз шунчаки боланинг тармоққа киришини кечиктираётганимиз йўқ, балки платформаларнинг ўзини тутиш маданияти ўзгаришини истаймиз”, — деди у ва вазирлик ҳозирда компаниялар тақдим этган ўз-ўзини баҳолаш ҳисоботларини текшираётганини қўшимча қилди.

Қайд этилишича, Индонезиянинг бу чора-тадбирлари кибербуллинг ва рақамли қарамлик хавфини камайтиришга қаратилган. Ушбу қадамлар ижтимоий тармоқларнинг ёшлар руҳий саломатлигига таъсири билан боғлиқ хавотирлар туфайли тақиқ жорий этилган Австралиядаги шунга ўхшаш ташаббуслардан сўнг амалга оширилган.

Австралия тажрибаси халқаро ҳамжамиятнинг диққат марказига тушди. Бир қатор мамлакатлар вояга етмаганларни ҳимоя қилиш учун шунга ўхшаш чекловларни жорий этиш имкониятини ўрганмоқда. Масалан, Буюк Британия ҳам шу ойда тартибга солиш доирасини кенгайтириб, унга ўйин ва стриминг платформаларини киритиш режасини эълон қилди.

“UN news” олган сурат

Default Avatar

Материал муаллифи

Xo‘jabek Nematilloxonov

dunyo@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш