Нефть-газ ва логистика соҳасида Ўзбекистон–БАА ҳамкорлиги ривожланмоқда
Июнь 27, 2026. 10:30 • 2 дақ
• 66
АБУ-ДАБИ, 27 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Умид Шодиев БААнинг “Kanoo Group” компанияси раиси Мишал Кану билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Музокаралар давомида компаниянинг Ўзбекистондаги сармоявий фаолиятини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди. Нефть-газ ва нефть-кимё тармоқларида юқори қўшимча қийматга эга лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар ушбу соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш Ўзбекистоннинг саноат салоҳиятини мустаҳкамлаш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги иш ўринларини яратишга хизмат қилишини таъкидлади.
Транспорт-логистика соҳасидаги ўзаро ҳамкорлик масалалари юзасидан фикр алмашилди. Таъминот занжирлари самарадорлигини ошириш ва Ўзбекистоннинг минтақавий транспорт-логистика маркази сифатидаги ролини мустаҳкамлашга қаратилган логистика марказларини ташкил этиш, юк ташишни ривожлантириш ҳамда замонавий логистика ечимларини жорий қилиш имкониятлари кўриб чиқилди.
Музокаралар якунида томонлар инвестиция, саноат ва логистика соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш, истиқболли лойиҳаларни биргаликда ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича ҳамкорликни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси