Ўзбекистон дипломатлари Сахалиндаги ЖИЭМда сақланаётган ватандошлар билан учрашди

Май 26, 2026. 09:00 • 2 дақ

133
Ўзбекистон дипломатлари Сахалиндаги ЖИЭМда сақланаётган ватандошлар билан учрашди

ЮЖНО-САХАЛИНСК, 26 май. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Владивосток шаҳридаги Бош консулхонаси дипломатлари хизмат сафари билан Россиянинг Сахалин вилоятига ташриф буюриб, у ерда жойлашган 1-сонли жазони ижро этиш муассасасида сақланаётган ватандошлар билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Айни вақтда мазкур жазони ижро этиш муассасаси (ЖИЭМ)да 11 нафар Ўзбекистон фуқароси Россия Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича айбдор деб топилиб, жазо муддатини ўтаб келмоқда.

Ташриф давомида дипломатлар маҳбуслар учун яратилган шароитлар билан танишди. Жумладан, турар жойлар, умумий овқатланиш бинолари ҳамда маданий ҳордиқ чиқариш хоналари кўздан кечирилди. Шунингдек, ўзбекистонлик маҳбуслар билан умумий мулоқот ташкил этилди.

Суҳбат чоғида маҳбусларнинг ҳолидан хабар олиниб, жазо муддатини ўташ жараёнида мажбурий меҳнат, қийноқ ёки босим ҳолатлари мавжуд ёки йўқлиги ҳақида сўралди. Шу билан бирга, уларнинг Россия Мудофаа вазирлиги таркибида Украина ҳудудида давом этаётган ҳарбий ҳаракатларда иштирок этишга мажбурланаётгани ёки йўқлиги ҳам муҳокама қилинди. Ватандошлар бундай ҳолатлар кузатилмаганини билдиришди.

Маҳбусларнинг маълум қилишича, Россия Мудофаа вазирлиги вакиллари муассасага вақт-вақти билан ташриф буюриб, жазо ўтаётган шахслар билан ҳарбий ширкатларга жалб этиш бўйича суҳбатлар олиб боради. Таъкидланишича, бундай таклифларда Украина ҳудудидаги “махсус ҳарбий операция”да олти ой иштирок этган маҳбусларнинг судланганлик ҳолати бекор қилиниши ва юқори миқдорда ойлик маош тўланиши ҳақида маълумот берилади.

Шу муносабат билан Бош консулхона ходимлари Ўзбекистон фуқароларини чет эл давлатлари ҳарбий тузилмалари ёки қуролли тўқнашувларида иштирок этиш қонунчиликка зид экани ҳақида огоҳлантирди. Уларга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 154-моддаси – “Ёлланиш” моддасига мувофиқ, бундай ҳаракатлар жиноий жавобгарликка сабаб бўлиши мумкинлиги тушунтирилди.

Учрашув давомида маҳбуслар муассасадаги шароитлардан қониқаётганини, аммо яқинларини соғингани сабабли жазонинг қолган қисмини Ўзбекистонда ўташ истагини билдиришди. Улар суд белгилаган муддатнинг қолган қисмини мамлакатимиздаги жазони ижро этиш муассасаларида ўташ учун амалий ёрдам сўради.

Бош консулхона ходимлари Россия ва Ўзбекистон ўртасида маҳкумларни жазони ўташ учун ўзаро топшириш бўйича икки томонлама шартнома мавжуд эмаслиги сабабли, ҳозирча бундай имконият йўқлигини маълум қилди.

Учрашув якунида Ўзбекистон фуқароларига Бош консулхонанинг манзили ва телефон рақамлари тақдим этилди ҳамда зарурат туғилганда мурожаат қилиши мумкинлиги тушунтирилди.

 

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш