Катманду шаҳрида Ўзбекистон-Непал иқтисодий ҳамкорлигини ривожлантириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Декабрь 13, 2025. 09:00 • 2 дақ
• 143
КАТМАНДУ, 13 декабрь. /«Дунё» АА/. Катманду шаҳрида Ўзбекистон ва Непал ўртасида савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда Непал Савдо-саноат палатаси раҳбарияти, шунингдек, мамлакатнинг энергетика, туризм, қурилиш, таълим ва ахборот технологиялари соҳаларида фаолият юритувчи етакчи компаниялари вакиллари иштирок этди.
Учрашув иштирокчилари Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва очиқ иқтисодиётни шакллантириш жараёнлари билан батафсил таништирилди.
Мамлакатимизнинг инвестициявий ва туристик салоҳияти тақдимоти давомида хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шароит ва имкониятлар, эркин иқтисодий ҳудудларда тақдим этиладиган имтиёзлар ҳамда молия-банк тизимини ислоҳ қилиш бўйича амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларга алоҳида эътибор қаратилди.
Непаллик тадбиркорлар Ўзбекистон иқтисодиётининг ўсиш суръатлари ва хорижий инвестициялар ҳажмининг изчил ортиб бораётганини юқори баҳолаб, ҳамкорликка катта қизиқиш билдирди.
Томонлар савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш юзасидан фикр алмашди. Гидроэнергетика, ахборот технологиялари, таълим, туризм ҳамда саноат каби муҳим тармоқлар устувор йўналишлар сифатида қайд этилди. Хорижий инвесторлар учун яратилган преференция ва имкониятларга алоҳида тўхталиб ўтилди.
Мулоқот доирасида Ўзбекистон ва Непал ўртасидаги алоқаларнинг истиқболли йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, ўзаро муносабатларни ривожлантиришда гидроэнергетика, таълим ва туризм соҳаларини асосий драйверлар сифатида белгилаш мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.
Непал томони кичик ГЭСлар қурилиши бўйича тажриба алмашишга тайёрлигини билдирди.
Шунингдек, B2B ва G2B шаклларидаги муносабатларни ривожлантириш, бизнес-делегациялар алмашинувини йўлга қўйиш ва қўшма бизнес-форумлар ташкил этиш муҳимлиги қайд этилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси
Мавзуга оид
Будапештда иккинчи Ўзбекистон–Венгрия ҳудудлараро форуми бўлиб ўтди
Польшадаги агентлик Тошкентда ўз ваколатхонасини очмоқчи
Гужранвала шаҳрида Ўзбекистон–Покистон бизнес-форуми бўлиб ўтди