Марказий Осиё деградация туфайли 80 миллион гектардан ортиқ ерини йўқотмоқда
Сентябрь 18, 2026. 18:30 • 2 дақ
• 339
ТОШКЕНТ, 18 сентябрь. /“Дунё” АА/. БМТнинг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенцияси ҳисоботига кўра, Марказий Осиёда 80 миллион гектардан ортиқ ер аллақачон деградацияга учраган ва бу минтақа ҳудудининг қарийб тўртдан бир қисмини ташкил этади, деб хабар бермоқда “Дунё” мухбири.
Экспертларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 24 миллионга яқин киши ёки минтақа аҳолисининг деярли 30 фоизи деградацияга учраган ерда яшамоқда. Бу жараённинг йиллик иқтисодий зарари 2–6 миллиард долларга баҳоланмоқда.
Иқлим ўзгариши вазиятни янада оғирлаштирмоқда: Марказий Осиё ўртача глобал кўрсаткичдан тахминан икки баравар тезроқ исимоқда, минтақадаги музликлар майдони эса сўнгги 50 йил ичида тахминан 30 фоизга қисқарган.
Деградациянинг энг жиддий кўринишларидан бири қум ва чанг бўронлари бўлиб қолмоқда. Қозоғистонда ҳудуднинг қарийб 78 фоизи чўлланиш хавфи юқори бўлган ҳудудларга киради, Орол денгизининг қуриган тубидан эса ҳар йили атмосферага 75 миллион тоннагача туз ва майда чанг кўтарилади.
Шу билан бирга, минтақа давлатлари аллақачон ерларни тиклаш бўйича лойиҳаларни амалга оширмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда Орол денгизининг қуриган тубидаги икки миллион гектар майдонга саксовул экилган, бир миллион гектар ерда эса томчилатиб суғориш усули қўлланилмоқда.
Ҳисоботда қайд этилишича, ерларни қайта тиклаш бир вақтнинг ўзида иш ўринлари яратиш, аҳолининг даромад манбаларини мустаҳкамлаш ва миграция босимини камайтиришга хизмат қилиши мумкин. Ҳисоб-китобларга кўра, ерларни қайта тиклашга киритилган ҳар бир доллар сармоя 30 йил ичида 5 долларгача даромад келтириши мумкин.
БМТнинг Чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясида Марказий Осиё давлатларининг биргаликдаги ҳаракатлари зарурлиги қайд этилган. Чунки ерлар деградацияси, сув ресурслари ва чанг бўронлари бир вақтнинг ўзида бир нечта давлатларга таъсир кўрсатади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси