Лаҳорда “Қорақалпоғистон Республикаси – Панжоб” бизнес-форуми бўлиб ўтди

Июль 05, 2026. 15:40 • 3 дақ

24
Лаҳорда “Қорақалпоғистон Республикаси – Панжоб” бизнес-форуми бўлиб ўтди

ЛАҲОР, 5 июль. /“Дунё” АА/. Покистоннинг Панжоб провинцияси маркази – Лаҳор шаҳрида “Қорақалпоғистон Республикаси – Панжоб” бизнес-форуми бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Мазкур тадбир Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши раиси Фарҳод Эрманов ва Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев бошчилигидаги мамлакатимиз делегациясининг Покистонга амалий ташрифи доирасида ташкил этилди.

Панжоб савдо-саноат палатасида ўтказилган форумда кимё, чорвачилик, тўқимачилик, чарм-пойабзал, қурилиш материаллари ишлаб чиқариш ҳамда бошқа соҳаларда фаолият юритувчи 50 дан ортиқ йирик компания ва бизнес вакиллари иштирок этди.

Иқтисодий форумда Алишер Тўхтаев Ўзбекистон ва Покистон ўртасида сўнгги йилларда изчил ривожланаётган стратегик шериклик муносабатлари ҳудудлараро ҳамкорликни янада фаоллаштириш учун мустаҳкам замин яратаётганини таъкидлади.

Қорақалпоғистон ва Панжоб провинцияси ўртасида савдо-иқтисодий, инвестициявий ва саноат кооперациясини кенгайтириш, қўшма ишлаб чиқариш лойиҳаларини амалга ошириш, логистика ва транспорт соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш икки томон учун ҳам муҳим аҳамият касб этиши қайд этилди.

Фарҳод Эрманов Қорақалпоғистоннинг иқтисодий имкониятлари, бой табиий ресурслари, қулай инвестиция муҳити ҳамда хорижий инвесторлар учун яратилган кенг имкониятлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Шунингдек ўқинг

Таъкидланганидек, Қорақалпоғистонда саноатни диверсификация қилиш, экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқариш, қўшилган қиймат занжирларини шакллантириш ва замонавий технологияларни жорий этишга қаратилган қатор истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу муносабат билан Покистон ишбилармон доиралари вакиллари ҳудудга инвестиция киритиш, қўшма корхоналар ташкил этиш ҳамда ўзаро манфаатли лойиҳаларни амалга оширишга таклиф этилди.

Шунингдек, Фарҳод Эрманов Панжоб ишбилармонларини шу йил июль ойида Қорақалпоғистонга бизнес-миссия билан ташриф буюришга таклиф қилди.

Тадбир давомида Қорақалпоғистон вакиллари томонидан ҳудуднинг савдо-иқтисодий, инвестициявий ва туризм салоҳиятига бағишланган тақдимот ўтказилди. Унда эркин иқтисодий ва индустриал зоналарда хорижий инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар, солиқ ва божхона имтиёзлари, шунингдек, фармацевтика, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, тўқимачилик, чарм-пойабзал ва қурилиш материаллари ишлаб чиқариш соҳаларидаги истиқболли инвестиция лойиҳалари ҳақида маълумотлар тақдим этилди.

Бизнес-форум доирасида давлат идоралари ва бизнес вакиллари ўртасида G2B ва B2B форматларида икки томонлама музокаралар ўтказилди. Учрашувларда савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, саноат кооперациясини йўлга қўйиш ва қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан бир қатор келишувларга эришилди.

Форум якунида Қорақалпоғистон ва Панжоб провинцияси ўртасида инвестицияларни жалб қилиш, савдо-иқтисодий алоқаларни кенгайтириш, ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш ва ишбилармонлик муносабатларини янада ривожлантиришга қаратилган англашув меморандуми имзоланди.

Default Avatar

Материал муаллифи

Nargiza Rakhataliyeva

rakhataliyeva@dunyo.info

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш