Ўзбекистон британ таълимига кириш имкониятларини кенгайтирмоқда
Ноябрь 11, 2026. 13:00 • 2 дақ
• 25ЛОНДОН, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчихонаси кўмагида “Эль-юрт умиди” жамғармаси ижроия директори Гульноза Исмаилова амалий ташриф билан Буюк Британияда бўлди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Ташриф доирасида Буюк Британиянинг етакчи университетлари ва таълим ташкилотлари, жумладан, “Kaplan International Pathways”, Оксфорд университетининг “Saïd” бизнес-мактаби, Ноттингем, Бристоль ҳамда “Queen Mary University of London” университетлари вакиллари билан музокаралар ўтказилди.
Учрашувларда ўзбекистонлик мутахассисларнинг ушбу олийгоҳларда ўқиш имкониятларини кенгайтириш, қўшимча чегирмалар тақдим этиш, қабул қилиш тартиб-қоидаларини соддалаштириш ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, сунъий интеллект, муҳандислик, аэрокосмик технологиялар, биотехнологиялар, иқтисодиёт, ҳуқуқ, молия ва фармацевтика йўналишларида кадрлар тайёрлашга алоҳида эътибор қаратилди.
Оксфорд университети билан MBA дастурларини ҳамда раҳбар кадрлар учун махсус таълим дастурларини йўлга қўйиш истиқболлари ҳам кўриб чиқилди.
Музокаралар якунига кўра, Ноттингем ва “Queen Mary University of London” университетлари билан англашув меморандумлари имзоланди. Бошқа таълим муассасалари билан ҳам ҳамкорликни кенгайтириш юзасидан дастлабки келишувларга эришилди.
Шунингдек, жамғарма раҳбарияти Буюк Британияда таҳсил олаётган ўзбекистонлик стипендиатлар билан учрашиб, уларнинг ўзлаштириши, яшаш шароити, мослашуви ва келгусидаги режаларини муҳокама қилди.
Эришилган келишувлар ўзбекистонликларнинг британ таълимига эришиш имкониятларини кенгайтириш ҳамда мамлакат учун устувор йўналишлар бўйича юқори малакали мутахассисларни тайёрлашга хизмат қилади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси




