Покистонлик инвесторлар Қорақалпоғистонда 500 минг долларлик лойиҳаларни амалга ошириш имкониятларини ўрганмоқда
Ноябрь 11, 2026. 14:30 • 3 дақ
• 60
ИСЛОМОБОД, 11 ноябрь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимиз элчихонаси кўмагида покистонлик инвесторлар Муҳаммад Фаисал Икрамуллаҳ ва Реҳман Азиз Хоннинг Ўзбекистонга бизнес-миссияси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Сафардан кўзланган асосий мақсад Ўзбекистон ва Покистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ҳудудларга хорижий инвестицияларни жалб қилиш ҳамда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга оширишдан иборат бўлди.
Бизнес-миссия доирасида Покистон ишбилармон доиралари вакиллари Қорақалпоғистонда бўлиб, ҳудуднинг иқтисодий ва инвестициявий салоҳияти билан танишди. Хорижий инвесторларни Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раиси Фарҳод Эрманов қабул қилди.
Учрашувда Қорақалпоғистонда чорвачилик тармоғини ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги соҳасига хорижий инвестицияларни жалб этиш, янги ишлаб чиқариш ва логистика лойиҳаларини йўлга қўйиш, ўзаро манфаатли ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, покистонлик инвесторлар иштирокида ҳудудда умумий қиймати 500 минг АҚШ долларини ташкил этувчи инвестиция дастурини босқичма-босқич амалга ошириш имкониятлари кўриб чиқилди. Томонлар мазкур ташаббус доирасида амалга оширилиши мумкин бўлган лойиҳалар йўналишлари, мавжуд имкониятлар ва ҳамкорликнинг амалий механизмлари юзасидан фикр алмашди.
Музокаралар чоғида истиқболли лойиҳаларни ҳаётга татбиқ этиш, ўзаро ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва белгиланган ташаббусларни амалга ошириш бўйича амалий ишларни жадаллаштиришга келишиб олинди.
Ташриф давомида хорижий инвесторлар Покистондан Қорақалпоғистонга музлатилган ҳалол мол гўштини етказиб бериш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратди. Шу мақсадда маҳаллий импортчилар ва салоҳиятли ҳамкорлар билан маҳсулот етказиб бериш, сақлаш ва тақсимлаш жараёнларини ташкил этиш имкониятлари муҳокама қилинди.
Делегация вакиллари Нукус шаҳридаги совуткичли омборхоналар фаолияти билан яқиндан танишди. 100 тонна сиғимга эга совуткичли омбор ташкил этиш, Нукус халқаро аэропортидаги “яшил коридор” имкониятларидан самарали фойдаланиш масалалари кўриб чиқилди.
Ҳамкорликнинг дастлабки босқичида 25 бош қорамолни қамраб оладиган пилот лойиҳани ишга тушириш бўйича ҳам музокаралар олиб борилди. Лойиҳани амалга ошириш доирасида чорвачилик учун зарур яйловлар, озуқа базаси ва ер майдонларини ажратиш, ветеринария хизматини ташкил этиш имкониятларини ўрганиш назарда тутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 30 июнь – 4 июль кунлари Қорақалпоғистон Вазирлар кенгаши раиси Фарҳод Эрманов бошчилигидаги делегация Покистонда бўлган эди.
Ташриф давомида покистонлик етакчи инвесторлар билан Қорақалпоғистонда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш, чорвачилик ва бошқа соҳаларда қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш юзасидан самарали музокаралар ўтказилган.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси