Мадридда Темурийлар меросини ўрганиш ва тарғиб этишга бағишланган медиа тадбир бўлиб ўтди
Апрель 23, 2026. 16:55 • 4 дақ
• 87МАДРИД, 23 апрель. /“Дунё” АА/. Кеча Испания пойтахтидаги “Casa Árabe” маданият марказида Ўзбекистон элчихонаси, Ислом цивилизацияси маркази ҳамда “Ўзбеккино” миллий агентлиги ҳамкорлигида “Буюк Темурийлар тарихи ва маданий мероси” мавзусида медиа тадбир ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Тадбирда илмий-академик доиралар, маданият муассасалари, экспертлар ҳамжамияти вакиллари ҳамда Осиё, Европа Иттифоқи ва Лотин Америкаси мамлакатларининг элчилари иштирок этди. Дастур доирасида Ўзбекистонда кенг нишонланаётган Амир Темур таваллудининг 690 йиллиги ҳамда Соҳибқироннинг бой меросига бағишланган тадбирлар ҳақидаги видеоматериаллар намойиш этилди.
Медиа тадбирда Ўзбекистон элчиси Фаррух Турсунов кучайиб бораётган глобал кескинлик шароитида давлатлар ўртасидаги мулоқот, ўзаро ҳурмат ва конструктив ҳамкорлик алоҳида аҳамият касб этаётганини қайд этди. Ўзбекистон тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлашга, барча можароларни фақат тинч йўл билан ҳал қилишга қаратилган очиқ ва прагматик ташқи сиёсатни изчил амалга ошираётгани таъкидланди. Шу нуқтаи назардан, бўлиб ўтган давра суҳбати ишончни ривожлантириш, гуманитар алоқаларни кенгайтириш ва янги қўшма ташаббусларни ишлаб чиқиш учун муҳим майдон сифатида баҳоланди.
Ўзбекистон Президентининг маслаҳатчиси, таниқли ёзувчи Хайриддин Султонов сўзга чиқиб, Ўзбекистон–Испания муносабатларида барқарор ижобий ўсиш кузатилаётганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилмоқда ва бунда маданий-гуманитар ҳамда илмий алоқалар ҳал қилувчи ўрин тутмоқда. Университетлараро ҳамкорликни ривожлантириш, қўшма тадқиқот лойиҳаларини амалга ошириш ва академик институтлар ўртасида тажриба алмашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон–Испания ўртасидаги икки томонлама алоқаларнинг Амир Темур даврига, Шарқ ва Европа ўртасидаги илк дипломатик миссияларга бориб тақалиши алоҳида эътироф қилинди. Ҳамкорликнинг истиқболли йўналишлари қаторида “Темур тузуклари”ни испан тилида нашр этиш, илмий марказлар ва музейлар ўртасидаги шерикликни ривожлантириш, маданият ва кинематография соҳасида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш режалари баён этилди.
Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Фирдавс Абдухолиқов Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган марказ фаолияти билан таништирди. Таъкидланишича, марказ мамлакатнинг уч минг йилдан зиёд тарихини ўрганишга ҳамда ўзбек халқининг жаҳон илм-фани ва маданияти ривожига қўшган ҳиссасини тарғиб қилишга йўналтирилган ноёб илмий-маърифий маскандир.
Сўнгги йилларда 1500 дан ортиқ ноёб экспонат Ўзбекистонга қайтарилгани, марказга эса ҳар куни минглаб киши ташриф буюраётгани маълум қилинди. Амир Темурнинг 690 йиллигига бағишланган экспозицияга алоҳида эътибор қаратилди: унда Темурийлар даврига оид ноёб қўлёзмалар, хариталар ва осори-атиқалар намойиш этилди. Шунингдек, Ўзбекистон ва Испания ўртасидаги тарихий алоқалар, жумладан, испан элчиси Руй Гонсалес де Клавихонинг Амир Темур саройига қилган миссияси ҳам тилга олинди.
Темурийлар тарихи давлат музейи директори Хуршид Файзиев Амир Темурни Турон заминидаги иккинчи Ренессанс асосчиси сифатида таърифлади. У Темурийлар даври жаҳон цивилизацияси ривожининг муҳим босқичларидан бири бўлганини, бу давр Марказий Осиёда илм-фан, маданият ва санъатнинг мисли кўрилмаган юксалиши билан тарихга кирганини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, Амир Темур нафақат олиму шоирларни қўллаб-қувватлаган, балки бутун дунёдан атоқли мутафаккирларни жалб этиб, қудратли интеллектуал марказларни шакллантириш учун шароит ҳам яратган.
Меъморчилик, китобат санъати ва илм-фаннинг ривожига, илм ҳомийлиги анъаналарини давом эттирган унинг авлодлари, жумладан, Улуғбек ва Алишер Навоийнинг ҳаёти ва ижодига алоҳида эътибор қаратилди. Айнан шу даврда жаҳон цивилизацияси тараққиётига таъсир кўрсатган маданий ва илмий ютуқлар шакллангани қайд этилди.
Учрашув давомида Мадрид Автоном университети профессори Хесус Хил, “La Temurid” ассоциацияси президенти Фредерик Брессанд ва бошқа илмий ҳамда эксперт доиралари вакиллари ҳам сўзга чиқди. Иштирокчилар илмий-маданий соҳада Ўзбекистон–Испания ҳамкорлиги фаоллашганини, жумладан, Темурийлар меросини ўрганиш ва оммалаштиришга қаратилган қўшма тадқиқот ҳамда нашриёт лойиҳалари амалга оширилаётганини айтди.
Тадбир якунида томонларнинг икки томонлама ҳамкорликни янада кенгайтириш, қўшма илмий ва маданий ташаббусларни ривожлантириш ҳамда гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашдан ўзаро манфаатдор экани таъкидланди. Бундай тадбирларнинг Европанинг етакчи маданият марказларида ўтказилиши халқаро ҳамжамиятнинг Ўзбекистоннинг тарихий меросига ва унинг жаҳон цивилизациясига қўшган ҳиссасига қизиқиши ортиб бораётганидан далолат беради.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Барчаси

