Ўзбекистон Президентининг махсус вакили Қатар элчиси билан учрашди
Июнь 30, 2026. 19:18 • 2 дақ
• 13
ТОШКЕНТ, 30 июнь. /“Дунё” АА/. Бугун Ўзбекистон Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев Қатарнинг мамлакатимиздаги элчиси Ҳасан Ҳамза Ҳошим билан учрашди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
ТИВ маълумотига кўра, мулоқот давомида икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Афғонистоннинг барқарор ривожланишига кўмаклашиш нуқтаи назаридан савдо-иқтисодий, транспорт-логистика ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш истиқболларига алоҳида эътибор қаратилди.
Қатар томони Ўзбекистоннинг Афғонистонни ижтимоий-иқтисодий тикланишини қўллаб-қувватлашга қаратилган изчил саъй-ҳаракатларини юқори баҳолади. Шу билан бирга, Тошкентнинг минтақавий барқарорлик ва тараққиётни илгари суришдаги конструктив роли муҳимлигини алоҳида таъкидлади.
Учрашув якунида томонлар Ўзбекистон–Қатар ҳамкорлигини янада мустаҳкамлаш, минтақавий масалалар бўйича амалий ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, Афғонистон масалалари бўйича мунтазам ва конструктив мулоқотни давом эттиришдан ўзаро манфаатдор эканини маълум қилди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси