Мўғулистонда БМТнинг чўлланишга қарши курашиш бўйича халқаро конференцияси ўтказилмоқда

Август 20, 2026. 10:00 • 2 дақ

40
Мўғулистонда БМТнинг чўлланишга қарши курашиш бўйича халқаро конференцияси ўтказилмоқда

УЛАН-БАТОР, 20 август. /“Дунё” АА/. Мўғулистон пойтахтида 190 дан ортиқ мамлакат вакиллари БМТнинг чўлланишга қарши кураш тўғрисидаги конвенциясининг 17-конференцияси сессиясига йиғилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

“БМТ янгиликлари” порталининг маълум қилишича, икки ҳафта давомида иштирокчилар таназзулга учраган ерларни тиклаш, қурғоқчиликка қарши курашиш ва сармояларни жалб этиш масалаларини муҳокама қилади.

Анжуманда қурғоқчилик масаласига алоҳида эътибор қаратилади. 2013 йилда атиги учта давлатда мавжуд бўлган қурғоқчиликка қарши кураш бўйича миллий режалар бугунги кунда 70 дан ортиқ мамлакат томонидан ишлаб чиқилган. Иштирокчилар барвақт огоҳлантириш тизимлари ва молиялаштириш механизмларини ҳам кўриб чиқади.

БМТ ҳисоб-китобларига кўра, ерларнинг таназзулга юз тутиши ва қурғоқчилик дунё ерларининг 40 фоизигача бўлган қисмини қамраб олган ва ҳар йили жаҳон иқтисодиётига қарийб 900 миллиард АҚШ доллари миқдорида зарар келтирмоқда.

Бунинг оқибатлари тахминан 3,2 миллиард кишининг ҳаётига таъсир кўрсатмоқда. Ерларни тиклаш ва қурғоқчиликка чидамлиликни ошириш учун ҳар йили 355 миллиард доллар талаб этилади, бироқ молиялаштириш ҳажми 77 миллиард долларни ташкил этмоқда. Маблағ тақчиллиги йилига 278 миллиард долларга етмоқда.

Шунингдек ўқинг

Конференция ўтказиладиган жой бежиз танланмаган: Мўғулистон ерларининг қарийб 77 фоизи таназзулга учраган, яйлов чорвачилиги эса мамлакатнинг деярли ҳар учинчи аҳолиси учун тирикчилик манбаи ҳисобланади. 2023–2024 йиллардаги қурғоқчилик ва қаҳратон қиш 7 миллиондан ортиқ чорва молининг нобуд бўлишига олиб келди.

Ушбу тадбир Халқаро яйловлар ва чорвадорлар йили доирасида ўтказилмоқда. Яйловлар қуруқлик юзасининг қарийб 54 фоизини эгаллаб, тахминан 2 миллиард кишининг тирикчилигини таъминлайди. Айни пайтда яйлов ерларининг қарийб ярми таназзулга учраган ёки шундай хавф остида турибди.

Сессияларда мамлакатлар ўртасида халқаро ҳамкорликни кенгайтириш, ерларни тиклаш ва яйловлардан барқарор фойдаланиш бўйича янги ташаббусларни илгари суриш кутилмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш