Германиянинг Майнц шаҳрида ўзбек диаспорасининг янги уюшмаси ташкил этилди
Июнь 24, 2026. 15:00 • 2 дақ
• 89МАЙНЦ, 24 июнь. /“Дунё” АА/. Мамлакатимизнинг Франкфурт-Майндаги Бош консулхонаси кўмагида хориждаги ўзбекистонликлар ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган “Дўппи” ватандошлар уюшмаси ташкил этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Уюшманинг очилиш маросими Майнц шаҳридаги марказий боғда бўлиб ўтди. Унда сўзга чиққан Ўзбекистон Бош консули миллий анъаналар ва маданий меросни асраб-авайлаш, ватандошларнинг Ватан билан алоқаларини мустаҳкамлаш, шунингдек, диаспора ичидаги ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Тадбир доирасида маданий дастур ҳамда ўзбек миллий таомларидан иборат дастурхон ташкил этилди. Шунингдек, болалар учун ўзбек халқининг тарихи, анъаналари ва маданий қадриятлари билан таништиришга йўналтирилган турли ўйинлар ва билимга оид танловлар ўтказилди.
Учрашув иштирокчилари ватандошлар ўртасида ҳамжиҳатлик ва ўзаро қўллаб-қувватлашни мустаҳкамлашга хизмат қиладиган бундай ташаббусларга эҳтиёж катта эканини қайд этди. Ҳамюртларимиз бирлашманинг келгуси лойиҳаларини амалга оширишда фаол иштирок этишга тайёр эканини билдирди.
Тадбир давомида Ўзбекистон давлат мустақиллигининг 35 йиллигига бағишлаб Майнц шаҳрида минтақадаги ўзбек диаспораси вакилларининг кенг иштирокида маданий-маърифий тадбирлар ўтказиш режалари муҳокама қилинди.
“Дўппи” уюшмасининг ташкил этилиши хориждаги ватандошлар институтларини ривожлантириш ва Германияда истиқомат қилаётган ўзбекистонликларнинг ижтимоий-маданий алоқаларини мустаҳкамлаш йўлидаги навбатдаги муҳим қадам бўлди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси



