Новосибирскда оғир вазиятга тушиб қолган ватандошлар юртимизга қайтарилди

Июнь 19, 2026. 11:00 • 2 дақ

176
Новосибирскда оғир вазиятга тушиб қолган ватандошлар юртимизга қайтарилди

НОВОСИБИРСК, 19 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон Бош консулхонаси томонидан оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган юртдошларимиз – она ва унинг вояга етмаган фарзандини Ватанга қайтариш бўйича барча зарур амалий чоралар кўрилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.

Маълум бўлишича, ҳамюртимиз Россия миграция қонунчилиги талабларини бузгани сабабли Новосибирск шаҳри ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлари томонидан ушланган ҳамда чет эл фуқароларини вақтинча сақлаш марказига жойлаштирилган. Унинг вояга етмаган фарзанди эса махсус болалар муассасасига вақтинча қабул қилинган эди.

Юзага келган ҳолат бўйича Бош консулхона томонидан тезкор консуллик-ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, қисқа муддат ичида бола учун зарур ҳужжатлар расмийлаштирилди. Шунингдек, Ўзбекистон Миграция агентлигининг Новосибирск шаҳридаги вакиллиги билан яқин ҳамкорликда ташкилий ишлар амалга оширилди.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида жорий йилнинг 18 июнь куни она ва унинг вояга етмаган фарзанди Новосибирск халқаро аэропортига етказилди ҳамда оила аъзоларининг қайта бирлашиши таъминланди.

Шу куни ватандошларимиз “Новосибирск–Тошкент” рейси орқали юртимизга қайтарилди.

Ўзбекистоннинг хориждаги дипломатик ваколатхоналари ва консуллик муассасалари чет элда бўлиб турган фуқароларимиз ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур консуллик-ҳуқуқий кўмак кўрсатиш бўйича ишларни изчил давом эттирмоқда.

Default Avatar

Материал муаллифи

Ҳасан Мўминов

muminov@dunyo.uz

Telegram каналига обуна бўлинг

Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!

Каналга ўтиш