Ўзбекистоннинг ижтимоий ҳимоя тизимидаги тажрибаси “DIHAD – 2026”да тақдим этилди
Август 27, 2026. 14:00 • 2 дақ
• 104
ДУБАЙ, 27 август. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг БААдаги элчихонаси дипломатлари Дубай халқаро гуманитар ёрдам ва ривожланиш конференцияси ва кўргазмаси («Dubai International Humanitarian Aid and Development Conference and Exhibition, DIHAD - 2026»)да иштирок этди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
“DIHAD”нинг 22-анжуманида 50 дан ортиқ мамлакатдан 2,5 мингдан зиёд иштирокчи қатнашмоқда.
Конференция доирасида “Ўзбекистоннинг барқарорликка эришиш йўли: келажак учун ижтимоий ҳимояни такомиллаштириш” мавзусида махсус шўъба тадбири ташкил этилди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатимизда ижтимоий ҳимоя соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, эҳтиёжманд аҳоли қатламларини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий хизматлар сифати ва қамровини ошириш ҳамда инсон капиталига инвестицияларни кучайтириш борасидаги тизимли ишлар тақдим этилди.
Мулоқот чоғида БМТ агентликлари, халқаро гуманитар ва хайрия ташкилотлари, ривожланиш институтлари ҳамда донор тузилмалар билан ҳамкорликни кенгайтириш, илғор хорижий тажрибани ўрганиш ва Ўзбекистоннинг халқаро гуманитар кун тартибидаги иштирокини мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Тадбир давомида “DIHAD Sustainable Organisation”, “UAE Aid Agency”, БМТнинг тегишли тузилмалари ва бошқа халқаро ҳамкорлар билан 2027 йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонда “DIHAD” форматидаги тадбирни ўтказиш масаласини ишлаб чиқишга келишиб олинди. Мазкур ташаббус мамлакатимизнинг ижтимоий ҳимоя ва барқарор ривожланиш соҳасидаги тажрибасини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилишга хизмат қилади.
2004 йилдан буён ўтказиб келинаётган “DIHAD” гуманитар ёрдам ва тараққиёт соҳасидаги етакчи халқаро мулоқот майдонларидан бири ҳисобланади. У давлат идоралари, БМТ тузилмалари, халқаро ва минтақавий ташкилотлар, хайрия жамғармалари, нодавлат ташкилотлар, хусусий сектор ҳамда молиявий институтлар вакилларини бирлаштириб келмоқда.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси