“UN Journal”: Ўзбекистон Президенти АҚШда бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф этилди
Август 27, 2026. 14:30 • 2 дақ
• 24
СЕУЛ, 27 август. /“Дунё” АА/. Жанубий Кореянинг “UN Journal” нашрида Ўзбекистон Президентининг АҚШнинг Майами шаҳрида бўлиб ўтадиган G20 саммитига таклиф этилгани ҳақида мақола эълон қилинди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Нашрнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва АҚШ ўртасида таълим, илм-фан, инвестициялар ва технологиялар соҳаларидаги ҳамкорлик изчил ривожланиб бормоқда. Ҳозирги кунда томонлар соғлиқни сақлаш, “яшил” энергетика, сунъий интеллект, рақамлаштириш ва маълумотларни қайта ишлаш марказларини ташкил этиш каби йўналишларда қўшма лойиҳаларни амалга оширмоқда.
Таълим соҳасидаги ҳамкорлик ҳам кенгайиб бормоқда. “English Speaking Nation” дастури доирасида минглаб ўзбек ўқитувчилари касбий тайёргарликдан ўтди. “Fulbright” ва “FLEX” дастурлари доирасидаги имкониятлар кенгайтирилди. Университетлар ўртасидаги ҳамкорлик доирасида қўшма таълим дастурлари ва икки томонлама дипломлар жорий этилмоқда.
Илмий соҳадаги ҳамкорлик ахборот технологиялари, қайта тикланувчи энергетика, агротехнологиялар ва социолингвистика йўналишларини қамраб олмоқда. Жорий йил июль ойида Ўзбекистон делегацияси “MIT”, “Stanford University” ва “Harvard University”га ташриф буюрди. Делегация “Coursera”, “Google”, “OpenAI” ва “StartX Accelerator” вакиллари билан учрашувлар ўтказди.
Иқтисодий ҳамкорлик доирасида сунъий интеллект, энергетика ва рақамли инфратузилма соҳаларидаги лойиҳалар, Тошкентда янги авиация марказини барпо этиш режалари илгари сурилмоқда.
Мақолада қайд этишича, G20 саммитида иштирок этиш Ўзбекистонга халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш ва глобал масалалар бўйича мулоқотларда иштирок этиш учун қўшимча имконият яратади.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси