Покистонда “Ўзбекистон маданияти ҳафталиги” ва “Ўзбек киноси кунлари” ўтказилади
Июнь 12, 2026. 09:30 • 3 дақ
• 82
ИСЛОМОБОД, 12 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистон элчиси Алишер Тўхтаев, Кинематография агентлиги директори Шуҳрат Ризаев, маданият вазирининг биринчи ўринбосари Авазбек Тажиханов ҳамда Покистон ахборот ва радиоэшиттириш вазири Атаулла Тарар ўртасида онлайн учрашув бўлиб ўтди, деб хабар қилмоқда “Дунё” АА мухбири.
Мулоқот чоғида маданий-гуманитар соҳадаги Ўзбекистон–Покистон ҳамкорлигини янада ривожлантириш, икки давлат раҳбарлари даражасида эришилган келишувларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва меросига бағишланган бадиий фильмни ҳамкорликда суратга олиш, ахборот алмашинувини кенгайтириш, оммавий коммуникациялар ҳамда медиа соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалаларига эътибор қаратилди.
Вазир Атаулла Тарар 2025 йил февраль ойида Тошкентда ва 2026 йил февраль ойида Исломободда олий даражада ўтказилган музокаралар давомида эришилган келишувларни эслаб, Покистон Бош вазири Ўзбекистон Президенти томонидан илгари сурилган ташаббус ва таклифларнинг амалий ижросига алоҳида эътибор қаратаётганини таъкидлади.
Шу муносабат билан, у икки қардош халқни ўзаро боғлаб турувчи умумий тарих, бой маданий мерос ва муштарак қадриятлар ҳақида кенг жамоатчиликнинг хабардорлигини ошириш мақсадида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳақида фильм яратиш лойиҳасини тезлаштириш муҳимлигини қайд этди. Шунингдек, Покистон томони мамлакатда “Ўзбекистон маданияти ҳафталиги”ни юқори савияда ташкил этишга тайёр эканини маълум қилди.
“Биз Бобур ҳақидаги фильмни суратга олиш ҳамда Покистонда “Ўзбекистон маданияти ҳафталиги”ни ташкил этиш ишларини жадаллаштириш мақсадида алоҳида қўшма ишчи гуруҳлар тузишни таклиф этамиз. Ушбу ишчи гуруҳлар қисқа муддатда аниқ вазифалар ва амалий чора-тадбирлар режасини келишиб олишлари лозим”, деди Атаулла Тарар.
Музокаралар чоғида икки мамлакатнинг тегишли вазирликлари раҳбарияти даражасида алоҳида учрашув ташкил этиш, қўшма ишчи гуруҳлар фаолияти натижаларини муҳокама қилиш ҳамда Бобур ҳақидаги фильмни суратга олиш билан боғлиқ ташкилий ва техник масалаларни якунлаш юзасидан ҳам фикр алмашилди. Шу мақсадда жорий йил август ойида ўзбекистонлик мутахассислар делегациясининг Покистонга ташрифини ташкил этиш масаласи кўриб чиқилди.
Томонлар Покистонда жорий йилнинг ноябрь–декабрь ойларида “Ўзбекистон маданияти ҳафталиги” ва “Ўзбек киноси кунлари”ни ўтказиш ташаббусини қўллаб-қувватлади. Шунингдек, мазкур маданий тадбирлар доирасида Заҳириддин Муҳаммад Бобур ҳаёти ва фаолиятига бағишланган фильмнинг илк намойишини ташкил этиш муҳимлиги таъкидланди.
Музокаралар якунида томонлар маданий-гуманитар алоқаларни янада фаоллаштириш, халқларимиз ўртасидаги дўстлик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма лойиҳаларни изчил давом эттиришга келишиб олди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси