Ўзбекистон ва Иркутск ўртасида янги иқтисодий лойиҳалар амалга оширилади
Июнь 12, 2026. 09:00 • 2 дақ
• 58
ИРКУТСК, 12 июнь. /“Дунё” АА/. Ўзбекистоннинг Новосибирскдаги бош консули Аслам Акбаров ва Иркутск вилояти губернатори Игорь Кобзев ўртасида учрашув бўлиб ўтди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА мухбири.
Томонлар савдо-иқтисодий ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича фикр алмашди.
Игорь Кобзевнинг сўзларига кўра, Иркутск вилоятининг Ўзбекистон билан муносабатлари тизимли шериклик даражасига кўтарилган. Буни товар айирбошлаш ҳажмининг ўсиши ва қўшма инвестиция лойиҳаларининг амалга оширилиши билан ҳам кўриш мумкин.
Музокаралар чоғида Иркутскда Андижон вилояти мева-сабзавот ва тўқимачилик маҳсулотлари учун улгуржи-чакана база ташкил этиш бўйича тегишли таклиф ва ташаббуслар билдирилди. Ўзбекистонга қорамол етказиб бериш орқали чорвачиликни ривожлантириш лойиҳасини амалга ошириш ҳамда Иркутск вилоятидан ёғоч-тахта материалларини тўғридан-тўғри етказиб бериш масалалари ҳам кўриб чиқилди.
Россия томони Термиз шаҳридаги “Айритом” ЭИЗ ҳудудида Иркутск вилояти ишлаб чиқарувчилари товарларининг кўргазма залини очиш таклифини қўллаб-қувватлади.
2025 йил якунларига кўра, Иркутск вилояти ва Ўзбекистон ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 44 фоизга ошиб, 180 миллион долларга етди. Ўзбекистон минтақадаги экспорт йўналишлари орасида тўртинчи ўринни эгаллайди. Етказиб беришнинг асосини ёғоч материаллари, целлюлоза, алюминий, дори-дармонлар ва машинасозлик маҳсулотлари ташкил этади.
Айни пайтда Ўзбекистон иштирокида гидравлик ускуналар, улгуржи савдо ва целлюлоза-картон ишлаб чиқариш соҳаларида умумий қиймати 12 миллион долларлик учта инвестиция битими амалга оширилмоқда. Бундан ташқари, Иркутск компаниялари умумий қиймати 112 миллион долларлик 11 та янги лойиҳани ишлаб чиқмоқда.
Россия томони ўзбекистонлик фермерлар томонидан Иркутск вилояти ҳудудида иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш имкониятини кўриб чиқишни таклиф қилди. Шу билан бирга, минтақадаги олтин қазиб олиш корхоналарида ишлаш учун ўзбекистонлик мутахассисларни жалб қилишга қизиқиш билдирди.
Telegram каналига обуна бўлинг
Барча янгиликлар ва янгиланишлардан биринчилардан бўлиб хабардор бўлинг!
Сўнгги янгиликлар
Барчаси